Бугун футбол оламидаги энг муҳим воқеалардан бири бўлиб ўтади. Албатта, бу жаҳон чемпионати ёки Чемпионлар лигаси финали эмас. Сўнгги йилларда «Олтин тўп» топшириш маросими, умуман ушбу совриннинг аҳамияти шу қадар ошдики, унинг муҳокамаси энг катта футбол баҳсларини ҳам ортда қолдира оляпти. Мухлислар-у журналистлар, футбол мутахассислари йил давомида «Олтин тўп»га номзодларни муҳокама қилиб чарчашмаяпти. Қуйида ушбу соврин ва топшириш маросими ҳақида энг аҳамиятли маълумотлар ҳавола қилинади.
«Олтин тўп» ўзи нима?
«Олтин тўп» футболдаги энг залворли индивидуал соврин бўлиб, France Football журнали томонидан 1956 йилда таъсис этилган ва шундан бери ҳар йили ўз эгаларига топшириб келинади. 1996 йилгача бу совринни фақат европалик футболчилар ололган бўлса, кейинчалик умуман Европа турнирларида иштирок этаётган ҳар қандай футболчи «Олтин тўп»га даъвогарлик қилиши мумкин бўлиб қолди. Айтиш мумкинки, айнан шу тузатиш ушбу соврин нуфузини ошириб юборди. Кейинчалик пайдо бўлган турли ўхшаш совринлар, ФИФА томонидан дунёнинг энг яхши футболчиси учун бериладиган мукофот ҳам «Олтин тўп»га тенг келолмади.
Албатта, бу ерда совриннинг тарихи анча узоқлиги ҳам аҳамият касб этади, зеро замонавий футболчилар ўз номи футбол тарихидаги буюк номлар – ди Стефано, Пушкаш, Кройф, Чарлтон, Гуллит, Платини каби юлдузлар билан бир рўйхатдан жой олишини исташади.
Бугунги кунга келиб эса қайси лига ва терма жамоада тўп суришидан қатъи назар дунёнинг энг яхши футболчисига «Олтин тўп» топширилади.
Ғолибни аниқлашда асосан қуйидаги уч мезонга эътибор берилиши лозим:
- кўрсатилган индивидуал маҳорат, ҳал қилувчи ва етакчилик характери;
- жамоавий ўйин ва қўлга киритган совринлар;
- маҳорат ва ҳалол ўйин.
Ғолиб қандай аниқланади?
Маросимдан бир неча ой аввал ташкилотчилар 30 футболчидан иборат номзодлар рўйхатини эълон қилишади ва шундан сўнг овоз бериш жараёни бошланади.
Овоз бериш учун ФИФА рейтинги бўйича топ-100 га кирган мамлакатлардан бир нафардан журналист (Ўзбекистондан Нарзулла Сайдуллаев танланган) танлаб олинади. Ҳар бир овоз берувчи тартиб билан 1-10 ўринларга ўз номзодларини юборади. Биринчи ўрин учун 15 очко, иккинчи ўрин учун 12 ва шу тартибда 10, 8, 7, 5, 4, 3, 2 ва 1 очкода берилади ва ҳар бир футболчининг очколари тўпланади. Масалан, Нарзулла 1-ўринга Ямални, 9-ўринга Витиняни қўйган бўлса, унинг овозидан Ямал 15, Витиня 2 очко олади ва шу шаклда юз нафар журналист овозлари бўйича очколар тўпланади.


















