Спорт | 17:09 / 16.07.2024
19488
3 дақиқада ўқилади

Фото: «Реал» Мбаппенинг тақдимотини ўтказди

Килиан 80 минг мухлис қаршисига чиқиб, «Реал» эмблемасини ўпди ва саҳнада Зидан билан илиқ кўришди.

Бугун, 16 июл куни Килиан Мбаппенинг «Реал»даги тантанали тақдимот маросими бўлиб ўтди.

Мбаппенинг «Реал»га ўтиши июн ойидаёқ эълон қилинганди, француз ҳужумчиси мадридликлар сафига эркин агент мақомида келиб қўшилди. Унинг «ПСЖ» билан шартномаси муддати якунига етганди, аммо келишувга кўра, парижликлар клубига маълум миқдорда бонус ҳам тегади.

Бугун Килиан янги клуби учун тиббий кўрикдан ўтди, янги шартнома имзолади ва ўйин футболкасини қўлга киритди.

У Мадридда тўққизинчи рақам остида ҳаракат қилади. Килианни кўпчилик еттинчи рақам билан эслайди, у собиқ клубида ҳам, Франция миллий жамоасида ҳам шундай рақамдаги футболкада ҳаракат қилган, аммо мадридликлар клубида бу рақам Винисиусга тегишли. Энди у ўз вақтида Роналдо, Роналду ва Савиола каби ҳужумчилар ўйнаган футболкани кияди.

Тақдимот маросими ўтказилган «Сантяго Бернабеу»га «Реал»нинг ўн минглаб мухлислари (ОАВга кўра, 80 минг киши) йиғилди.

Тақдимот вақтида клуб президенти Флорентино Перес Зинедин Зидан 12 йил муқаддам, Килиан ҳали 13 ёшдалигида уни «Реал» машғулотларига таклиф этганини эслатди.

Клубнинг янги футболчиси сифатида саҳнага чиқиб келган Мбаппе ватандоши билан қучоқлашиб кўришди, сўнг мухлисларга мурожаат қилди ва клуб тарихига муносиб бўлишга ваъда берди.

«Болалар учун гапим бор. Мен ҳам сиз каби бола бўлганман. Эҳтирос ва орзу билан истаган нарсангизга эришишингиз мумкин. Бу ақл бовар қилмас кун. Болалигимдан менда фақат биргина орзу бўлган ва бу ерда туриш мен учун кўп нарсани англатади. «Реал» мухлисларига ташаккур айтаман, чунки улар кўп йиллар мобайнида ўз севгисини билдириб келишди.

Энди менда яна бир орзу туғилди. Мен ўз ҳаётимни ушбу клуб ва ушбу эмблема учун бағишламоқчиман, унинг тарихига муносиб бўлиш учун», — деди Мбаппе.

Мавзуга оид