Жаҳон | 19:38 / 17.07.2024
4874
2 дақиқада ўқилади

Байден президентлик сайлови пойгасидан чиқиши мумкин бўлган шартларни айтди

Унинг сўзларига кўра, фақат соғлиғида муаммо борлиги аниқланса, қайта сайланиш учун курашни тўхтатиши мумкин.

Фото: Reuters

АҚШ президенти Жо Байден Black Entertainment Television компаниясига (CBS гуруҳига киради) берган интервюсида президентлик сайлови пойгасидан чиқиши мумкин бўлган шартларни айтди.

Унинг сўзларига кўра, фақат соғлиғида муаммо борлиги аниқланса, қайта сайланиш учун курашни тўхтатиши мумкин.

81 ёшли Жо Байденнинг фикрича, унинг улуғ ёши президентлик учун устунлик бериши мумкин.

«Менимча, қарилик келтирадиган ягона нарса бу озгина донишмандлик. Мен Қўшма Штатларни бошқариш учун нима қилишимни билишимни аллақачон кўрсатдим. Лекин ҳали қиладиган ишларим кўп ва мен президентлик кампаниясидан воз кечишни истамайман», деди Байден.

Жо Байденнинг соғлиғига эътибор унинг Доналд Трамп билан муваффақиятсиз дебати ва омма олдидаги чиқишларидан сўнг кучайди. 11 июл куни НАТО саммити якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида Байден Украина президенти Володимир Зеленскийни Россия президенти Владимир Путин деб таништирди. Кейин АҚШ вице-президенти ҳақида гапирар экан, у Камала Харрисни эмас, балки Доналд Трампни тилга олди. Буларнинг барчаси унинг руҳий саломатлиги ва ноябр ойидаги сайловда ғалаба қозониш имкониятлари ҳақида ташвишларни кучайтирди.

Мавзуга оид