Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украина ва Чехия патрон ишлаб чиқариш заводини қуради
«Укроборонсервис» Чехиянинг қурол ишлаб чиқарувчи Sellier & Bellot компанияси билан биргаликда Украинада патрон ишлаб чиқарувчи завод қуришни режалаштирмоқда. Яна бир келишув Colt CZ Group томонидан автоматлар ишлаб чиқариш билан боғлиқ.
«Укроборонсервис» Украина давлат концерни Чехиянинг Sellier & Bellot қурол ишлаб чиқарувчи компанияси билан биргаликда Украинада ўқ-дорилар ишлаб чиқарувчи завод қуришни режалаштирмоқда. Украина бош вазири Денис Шмихалнинг 16 июл, сешанба куни маълум қилишича, бу борадаги келишув унинг Чехия-Украина ҳукуматлараро маслаҳатлашувларида иштирок этиш учун Прагага ташрифи чоғида имзоланган. Шартнома тафсилотлари келтирилмаган.
Прагада имзоланган яна бир келишув Colt CZ Group томонидан автоматлар ишлаб чиқариш билан боғлиқ. Шмихал матбуот анжуманида Украина томонида қайси компания иштирок этаётганига аниқлик киритмай, буни хавфсизлик масалалари билан боғлади, деб ёзади «Европа ҳақиқати».
Бундан ташқари, ҳукуматлараро маслаҳатлашувлар натижасида Украина ва Чехия ўртасида ички ишлар, соғлиқни сақлаш, энергетика, мудофаа ва космик саноат соҳаларида қатор келишув ва меморандумлар имзоланди.
«Икки томонлама учрашувда биз иқтисодий ва мудофаа соҳасидаги ҳамкорликни, энергетика муаммоларини муҳокама қилдик, Украина президентининг тинчлик формуласини амалга ошириш, украиналик ҳимоячилар учун зарур қурол-яроғларни етказиб бериш Чехия Республикаси учун устувор вазифа бўлиб қолмоқда», — деб ёзди Шмихал Telegram’да.
Вазирлар даражасида бир нечта келишувлар
Украина делегациясининг Прагага ташрифи чоғида икки давлат ички ишлар вазирлари полиция идоралари ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битимни, мамлакатлар соғлиқни сақлаш вазирлари эса идоралар ўртасида ўзаро англашув меморандумини имзоладилар. Бундан ташқари, Чехия транспорт вазири ва Украина космик агентлиги директори космик соҳада технологияларни ривожлантириш бўйича ўзаро англашув ва ҳамкорлик меморандумини имзолаган. Украина энергетика соҳасида, жумладан, нефтни «Жанубий дўстлик» нефт қувури орқали ташиш, водород энергетикаси соҳасидаги ҳамкорлик, энергетика тизимини марказсизлаштириш ва энергетика инфратузилмасини тиклаш бўйича ўзаро англашув ва ҳамкорлик меморандумини ҳам имзолади.