Жаҳон | 11:40 / 18.07.2024
2062
3 дақиқада ўқилади

Британия Украинага НАТОга киришда ёрдам беради

Қирол Чарлз III янги ҳукумат номидан Лондон Киевни қўллаб-қувватлашда давом этишига ва НАТОга содиқ қолишига ваъда берди.

Фото: Henry Nicholls/Getty Images

Британия янги лейбористлар ҳукумати остида НАТО қадриятларига содиқ қолади ва Шимолий Атлантика иттифоқига қўшилиш жараёнида Украинага ёрдам беришга интилади. Бу ҳақда 17 июл, чоршанба куни Британия қироли Чарлз III янги парламент биринчи сессиясининг очилиш маросимида бош вазир Кир Стармер дастурини тақдим этар экан, айтиб ўтди

«Менинг ҳукуматим Украина ва унинг халқини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда давом этади, Украинага НАТОга аъзо бўлиш учун аниқ йўлни таъминлашда етакчи рол ўйнашга интилади», — деди у. Чарлз III сўзларига кўра, Британия янги ҳукумати шахсий эркинлик, демократия, инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги каби НАТО умумий қадриятлари асосида мамлакатнинг ишончли мудофаа қобилиятини таъминлайди. «У НАТОга содиқ қолади», деди қирол ва Стармер қуролли кучларни қайта тиклашини қўшимча қилди. 

Британия Европага яқинлашади

Чарлз III янги парламент аъзоларига мурожаат қилиб, лейбористлар ҳукумати даврида Британия европалик шериклар ва ЕИ билан муносабатларни мустаҳкамлаш, шунингдек, Яқин Шарқда тинчлик ўрнатиш учун фаол ҳаракат қилиш ниятида эканини айтди. 

«Ҳукуматим европалик ҳамкорлар билан муносабатларни тиклашга интилади, савдо ва сармоя бўйича Европа Иттифоқи билан муносабатларни яхшилашга ҳаракат қилади», деди қирол. У вазирлар маҳкамаси ўзаро таҳдидларга қарши курашда ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун янги хавфсизлик пактини тузишга интилади, деб ваъда берди. 

«Менинг ҳукуматим Яқин Шарқда узоқ муддатли тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга ҳаракат қилишда ўз ролини ўйнайди», дея қўшимча қилди монарх Британиянинг икки давлат - Исроил ва Фаластин ғоясига содиқлигини таъкидлаб.

Июл ойида Британияда парламент сайловлари бўлиб ўтди, натижада мамлакатни 14 йил бошқарган консерваторлар мағлубиятга учради: лейбористлар партияси парламентдаги 650 ўриндан 411 тасини қўлга киритди, консерваторлар фақат 121 ўринни қўлга киритишга муваффақ бўлди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид