Жаҳон | 16:13 / 18.07.2024
6668
2 дақиқада ўқилади

Reuters: Германия 2025 йилда Украинага ёрдамни икки баробарга қисқартиради

2025 йилги федерал бюджет лойиҳасида Украина учун 4 миллиард евро, жорий бюджетга эса 8 миллиард евро киритилган, деб ёзади Reuters.

Фото: REUTERS/Nadja Wohlleben

Германиянинг 2025 йилги федерал бюджети Украинага ҳарбий ёрдам учун сарфланадиган харажатларни икки баробарга қисқартиришни назарда тутади. Бу ҳақда 17 июл, чоршанба куни ҳужжат лойиҳасини кўриб чиққан Reuters агентлиги хабар берди.

Унга кўра, Германия ҳукумати 17 июлда маъқуллаган бюджет лойиҳасида Украинани Россия ҳужумидан ҳимоя қилиш учун 4 миллиард евролик харажатлар ўз ичига олган бўлса, жорий йилда у 8 миллиард еврони ташкил этади.

Германия "катта еттилик" давлатлари келишиб олган Россиянинг музлатилган активлари гарови остидаги умумий қиймати 50 миллиард доллар миқдоридаги кредитлар орқали Украина ҳарбий эҳтиёжларининг катта қисмини қондира олишига умид қилмоқда, дея қайд этади агентлик.

2025 йил учун федерал бюджет тўғрисидаги келишув

5 июлга ўтар кечаси федерал канцлер идорасида кўп соатлик маслаҳатлашувлар ва ҳукмрон партиялар даражасида бир неча ой давом этган музокаралардан сўнг Германия канцлери Олаф Шолц, мамлакат молия вазири Кристиан Линднер ва иқтисод вазири Роберт Хабек ўзаро келишувга эришдилар. У 2025 йилги федерал бюджет ва ҳукуматнинг 2028 йилгача бўлган молиявий режасига тегишли.

Келишувга кўра, Германиянинг келаси йил мудофаа бюджети ҳозирги 52 миллиард евродан 53,2 миллиард еврога кўтарилади. Бу Германия мудофаа вазири Борис Писториус сўраган 6 миллиард евролик қўшимча маблағдан сезиларли даражада кам.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид