Жаҳон | 09:59 / 18.07.2024
1488
2 дақиқада ўқилади

Еврокомиссия Украинага яна 4,2 млрд евро ажратишни қўллаб-қувватлади

Украинага 4,2 миллиард еврога тенг янги молиявий ёрдам ҳали Европа Иттифоқи кенгаши томонидан тасдиқланиши керак.

Фото: Reuters

Еврокомиссия 17 июл, чоршанба куни Украинага ёрдам жамғармасидан Киевга тахминан 4,2 миллиард евро миқдорида қўшимча ёрдам беришни қўллаб-қувватлади. Бироқ, янги пакет ҳали Европа кенгашида Европа Иттифоқи давлат ва ҳукумат раҳбарлари томонидан тасдиқланиши керак.

«Европа Иттифоқи кенгашида қабул қилингандан сўнг, ушбу механизм бўйича Украина учун ЕИ томонидан ажратиладиган маблағларнинг умумий миқдори 12 миллиард еврога етади», - дейди Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен.

Еврокомиссия қарорида қайд этилганидек, Украина молиявий ёрдам шартлари сифатида илгари сурилган бир қатор талабларни бажарди. Улар, хусусан, солиқ тўлашдан бўйин товлаш ва иқтисодий жиноятларга қарши янада самаралироқ курашиш бўйича ислоҳотлар, шунингдек, давлат компаниялари бошқарувидаги ўзгаришлар, миллий энергия ва иқлим режасини қабул қилиш заруратидир.

Барча қийинчиликларга қарамай, Украина Россиядан ўзини ҳимоя қилиб, мамлакатни янада тиклаш ва Европа Иттифоқига аъзолик сари олға силжиш учун муҳим ислоҳотларни амалга оширмоқда, деди фон дер Ляйен. Унинг қўшимча қилишича, у Европа Иттифоқи мамлакатлари янги ёрдам пакетини тезда тасдиқлашига умид қилмоқда. 

2024 йил февралида ЕИ кенгаши Украинага 50 миллиард евролик Европа ёрдам жамғармасини ташкил этишни маъқуллади. 2024 йилдан 2027 йилгача, тўрт йилга мўлжалланган ушбу маблағлар грант ва кредитлар кўринишида берилиши режалаштирилган. Улар Украина давлатининг қисқа муддатли эҳтиёжларини ҳам, мамлакатни қайта қуриш ва модернизация қилиш бўйича ўрта муддатли вазифаларни ҳал қилишни ҳам таъминлаши керак. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид