Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Британия Украина армияси эҳтиёжлари учун 2 млрд фунт ажратади
Лондон ва Киев ўртасидаги янги кредит шартномаси ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, зирҳли техника ва ўқ-дориларни етказиб бериш ва таъмирлашни молиялаштиради. Кредитни тўлаш муддати - 15 йил.
Украина мудофаа вазири Рустем Умеров ва Британия Мудофаа вазирлиги раҳбари Жон Хили Украина мудофаа қобилиятини кредит билан таъминлаш бўйича ҳукуматлараро келишувни имзолади. Бу ҳақдаги хабар 19 июл, жума куни Украина президенти Володимир Зеленскийнинг сайтида эълон қилинди.
Ҳужжат Украина-Британия мудофаа лойиҳаларини молиялаштириш имконини беради. «Гап, хусусан, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, зирҳли транспорт воситалари ва ўқ-дориларни етказиб бериш, таъмирлаш ва қисман ишлаб чиқариш ҳақида кетмоқда», дейилади баёнотда.
Келишувга кўра, британиялик етказиб берувчилар Украина билан 2 миллиард фунт стерлинг миқдорида кредит шартномалари тузишлари мумкин бўлади. Бироқ, пресс-релизда қайд этилганидек, бу миқдор якуний эмас ва келажакда оширилиши мумкин. Кредитни тўлаш муддати 15 йилни ташкил қилади.
Украина президенти сайтида хабар қилинганидек, бундай кредит ёрдами туфайли 2026 йилгача Украина мудофаа кучлари, хусусан, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, радар ва йўқ қилиш ускуналари билан таъминланиши, қўшимча равишда технология олиши мумкин бўлади. Ғарб услубидаги артиллерия ва зирҳли транспорт воситалари учун бутловчи қисмлар ҳам ишлаб чиқарилади.
Зеленскийнинг Британия ҳукумати олдида нутқи
Володимир Зеленский 18 июл куни Европа сиёсий ҳамжамиятининг саммитида иштирок этиш учун Британияга келди. Шу куни у қирол Чарлз III билан учрашди ва бир кундан кейин Британия ҳукумати йиғилишида қатнашди.
Украина президенти Британия вазирлар маҳкамасидаги нутқида Лондонни Россиядаги нишонларга зарба бериш учун Ғарб қуролларидан фойдаланишга қўйилган чекловларни олиб ташлашга ёрдам беришга чақирди. «Биз чегарадан ташқари, хусусан, Россия ҳарбий аэродромларига ҳам зарба бера олсак, нафақат Россиянинг ҳар қандай ҳужум ҳаракатларидан ўзимизни ҳимоя қиламиз, балки олдинги позицияларимиз ва шаҳарларимизни Россия бомбаларидан ҳам асраб қоламиз», — деди у.
Зеленскийнинг қўшимча қилишича, Россия ойига 3500 га яқин бошқариладиган бомба ишлатади. «Уларнинг барчасини уриб туширишнинг иложи йўқ, аммо ҳаво бомбаларини ташувчиларни йўқ қилиш мумкин», — деди давлат раҳбари.
У Британия бош вазири Кир Стармер ва Британия вазирлар маҳкамаси бошқа аъзоларини «етакчиликни кўрсатишга» ва «бошқа шерикларни чекловларни олиб ташлашга ишонтиришга» чақирди. «Бизга бу қадам керак. Бу - Россияни тинчликка эришишга мажбур қиладиган қадам», - дея таъкидлади Украина президенти.
Зеленский 27 йил ичида Британия ҳукуматига мурожаат қилган биринчи хорижий давлат раҳбари бўлди. Ундан олдин АҚШ президенти Билл Клинтон 1997 йилда Британия вазирлар маҳкамаси мажлисида иштирок этган.