Жаҳон | 13:31 / 23.07.2024
5199
3 дақиқада ўқилади

Исроил ҲАМАС гаровга олган яна икки кишининг ўлимини тасдиқлади

35 ёшли Ягав Бухштаб ва 76 ёшли Алекс Данцигнинг жасадлари ҳамон ҲАМАС қўлида ва уларни ўлган деб эълон қилиш қарори разведка маълумотларига асосланади, дея баёнот берди Исроил армияси.

Фото: Mahmoud Illean/AP/dpa

Исроил 2023 йил 7 октябр куни ҲАМАС гуруҳи томонидан уюштирилган ҳужумда ўғирлаб кетилган яна икки нафар гаровга олинган шахс ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди. 76 ёшли Алекс Данциг ва 35 ёшли Ягав Бухштабнинг қариндошлари уларнинг ўлими ҳақида хабардор этилди, деб хабар берди Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) 22 июл, душанба куни.

Исроил армиясининг билдиришича, иккала шахс ҳам ўтган йилнинг 7 октябр куни «Ғазо секторига ўғирлаб кетилган», уларнинг жасадлари ҲАМАС гуруҳи қўлида қолмоқда. Уларни ўлган деб эълон қилиш қарори разведка хизматлари маълумотларига асосланган ва экспертлар форуми томонидан тасдиқланган, дейилади баёнотда. Исроил расмийлари ўлим билан боғлиқ ҳолатлар тафсилотини ўрганмоқда. 

Қариндошлар қолган гаровга олинганларни қайтаришни талаб қилмоқда 

Ўз навбатида, гаровга олинган оилалар форуми ушбу янгилик асирга олинганларнинг ватанга қайтиши учун «шошилинч зарурат ҳақида аниқ эслатма» эканлигини таъкидлади. «Ягав ва Алекс тирик ҳолда қўлга олинди, улар ўз оилалари ва юртига тирик қайтиши керак эди», — дейилади хабарда. 

Бу маълумотларга кўра, Ягав Бухштаб рафиқаси билан бирга Нирим кибуцасидан ўғирлаб кетилган, аёл 50 кунлик асирликдан кейин озод қилинган. Полшада туғилган Алекс Данциг Холокостдан омон қолганларнинг ўғли ва «Яд Вашем» ёдгорлик мажмуасида ишлаган тарихчи эди. 

Гаровга олинган оилалар форуми ҲАМАСда қолган гаровга олинганларни қайтариш бўйича муваффақиятсиз музокараларни танқид қилиб, яна икки кишининг ўлимини «музокаралардаги иккиланиш оқибатлари аянчли намунаси» деб атади. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди. 

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 39 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид