Жаҳон | 08:45 / 24.07.2024
3589
3 дақиқада ўқилади

Венгрия Украинага Россиядан нефт транзити тақиқлангани сабабли таҳдид қилмоқда

Будапешт Европа тинчлик жамғармасидан маблағ ажратилишини яна блоклаш билан таҳдид қилди. Гап Украинага қурол-яроғ ва ўқ-дорилар етказиб беришга сарфланиши керак бўлган 6,5 миллиард евро миқдори ҳақида бормоқда.

Фото: Getty Images

Украина ўз ҳудуди орқали «Лукойл»дан Россия нефтининг транзитини тақиқлаганидан сўнг, Венгрия қарши чораларни эълон қилди. «Биз Украина «Лукойл» муаммосини ҳал қилмагунча Европа тинчлик жамғармасидан маблағ ажратилишига тўсқинлик қиламиз», деди 23 июл, сешанба куни Венгриянинг ATV телеканалига ташқи ишлар вазири Петер Сийярто. Венгрия маълумотларига кўра, гап 6,5 млрд евро ҳақида кетмоқда, у Украинага қурол ва ўқ-дорилар етказиб беришга сарфланиши керак.

Сийярто Европа Иттифоқи Украинани Россиянинг «Лукойл» компаниясидан Шарқий Европага «Дружба» нефт қувури орқали келадиган нефт таъминотида чекловини олиб ташлашга ишонтиришига ишонч билдирди. 

Можаро Европа комиссияси томонидан кўриб чиқилади 

Украина томонидан «Лукойл»га қарши жорий қилинган санкцияларнинг июн ойида кучайтирилиши ЕИда хавотир уйғотмоқда. Европа комиссияси, dpa хабарига кўра, Венгрия ва Словакиядан ёзма баёнотда олинган маълумотларни ўрганмоқда. Икки Шарқий Европа давлати илтимосига кўра, 24 июл, чоршанба куни Европа Иттифоқининг Савдо сиёсати қўмитаси йиғилиши бўлиб ўтади. 

Европа Иттифоқи аллақачон Россия Федерациясининг Украинага қарши қуролли ҳужуми сабабли жорий этилган Россиядан нефт импортини бир мунча вақт давомида тақиқлаган. Бироқ, географик жойлашуви туфайли, айниқса, Россия нефт таъминотига боғлиқ бўлган мамлакатлар учун истиснолар мавжуд. 

Июн ойида Украина «Лукойл»га қарши жазо чораларини кенгайтирди. Хусусан, Киев Россия компанияси маҳсулотларининг Украина орқали «Дружба» қувури орқали транзитини тақиқлади. Натижада, Венгрия ва Словакия ўзларининг энг муҳим нефт етказиб берувчиларидан асосан узилди. Ушбу қувур орқали «Лукойл» Шарқий Европа давлатларига нефт таъминотининг ярмига яқинини амалга оширади. Венгрия ҳукуматига кўра, Россиядан нефт етказиб беришни тўхтатиш истеъмолчилар учун ёнилғи нархининг ошишига олиб келиши мумкин.

Россия етказиб беришни давом эттиришга ваъда бермоқда 

Россия ҳукумати раҳбари ўринбосари, Россия собиқ энергетика вазири Александр Новак Венгрия ва Словакия нефт олишда давом этишини айтди, аммо бу қандай содир бўлиши ҳақида изоҳ беришдан бош тортди. Аввалроқ «Лукойл»нинг ноаниқ маълумотларига таяниб, бошқа йўналишлардан фойдаланиши айтилганди. «Дружба» қувурининг бир қисми Беларус ҳудудидан ўтади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид