B гуруҳи

Сент-Этендаги триллер

Аргентина — Марокаш 1:2
Голлар: Симеоне (68) — Раҳими (45+2, 51 пеналти). 
Аргентина – Рулли, Гарсия (Эчеверри, 84), Отаменди, Ди Чезаре, Солер (Амионе, 69), Алмада, Сенон (Симеоне, 54), Медина, Эссе (Фернандес, 69), Алварес, Белтран (Гондоу, 69).
Марокаш – Муҳаммади, Ҳакими, Ал Аззузи (Накач, 80), Букамир, Ал Ваҳди, Бен-Сегир (Кешта, 80), Таргаллин, Ал Ҳаннус (Бушуари, 90), Ричардсон, Аҳомаш (Аззалзулий, 59), Раҳими. 
Огоҳлантиришлар: Аҳомаш (39), Ал Ҳаннус (45+3), Ал Ваҳди (61), Раҳими (70), Таргаллин (87), Фернандес (88), Муҳаммади (89), Ди Чезаре (90+9).

Олимпиадада футбол турнирининг биринчи куни жиддий можаро билан ёдда қоладиган бўлди. Марокаш ва Аргентина ўртасидаги ўйин (2:1) қўшиб берилган дақиқаларда марокашлик мухлисларнинг тажовузкорона ҳаракатлари туфайли тўхтатилди. Ўйинни охиригача етказиб қўйиш учун қарийб икки соатлик танаффус қилинди.

Учрашув ҳайратланарли сюжетда кечди. Ашраф Ҳакими бошчилигидаги «Атлас шерлари» мудофааси биринчи бўлимда Маскерано шогирдларига ўйин бермади, бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда ҳисобни очишди: 28 ёшигача Европада ўйнамаган, сўнгги йилларда БААнинг «Ал-Айн» клубида тўп суриб келаётган Сўфиён Раҳимий 51-дақиқада «Барселона»нинг собиқ футболчиси Аҳомашнинг товонда пас бериши билан бошланган ҳужумни якунлади. Иккинчи бўлим бошида эса Раҳимий Аҳомаш ишлаган пеналтини аниқ ижро этиб, дублни расмийлаштирди. 68-дақиқада Жулиано Симеоне битта жавоб қайтарди. Кейин эса марокашликларнинг 35 ёшли дарвозабони Муҳаммадийнинг вақти келди — у бир неча дақиқа оралиғида Амионенинг дарвозабон ҳудудида туриб бош билан йўллаган зарбасидан кейин қойилмақом сейв ижро этди, кейин эса яккама-якка вазиятда Ҳулиан Алваресдан устун келди. Умуман олганда, жанубий америкаликларда ҳисобни тенглаштириш учун етарлича имкониятлар бўлди. Бу имкониятни ФИФАнинг қўшимча дақиқалар бўйича тавсиялари ҳам ошириб юборди. Қатардаги жаҳон чемпионатида барча одатдагидан кўра кўпроқ дақиқалар қўшилишига кўникиб бўлганди, аммо Олимпиададаги ҳакамлар рекорд қўйишга қарор қилишган.

Швециялик арбитр Гленн Нюберг роппа-роса 15 дақиқа қўшиб берди — бунга ўйинда тўхталишлар кўп бўлгани сабаб эди, чунки марокашлик мухлислар иккинчи бўлим давомида кўп марта майдонга чопиб чиқишди. Трибуналардаги мухлислар ҳам аргентиналикларга нисбатан агрессив муносабатда бўлишди — мадҳия янграётган маҳалда ҳам ҳуштакбозлик қилинди.

Сент-Этендаги «Жеффруа-Гишар» стадионида шу куни африкалик фанатлар мутлақ кўпчиликни ташкил этарди — аренага сиғадиган 42 минг кишидан 35 мингга яқинини. Бундай нисбат ажабланарли эмас: Францияда бир ярим миллион атрофидаги марокашлик яшайди.