Спорт | 15:59 / 26.07.2024
5969
3 дақиқада ўқилади

Футзал бўйича “Mirabror Usmanov cup-2024” халқаро хотира турнири: Ўзбекистон терма жамоаси турнир ғолиби бўлди

Фото: Mirabror Usmanov cup-2024

Жорий йилнинг 19-24 июл кунлари пойтахтимиздаги Юнусобод спорт мажмуасида футзал бўйича “Mirabror Usmanov cup-2024” халқаро турнири бўлиб ўтди. Ушбу тадбир Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва Мирабор Усманов номидаги халқаро хайрия жамоат фонди ҳамкорлигида ташкил этилди.

Марҳум давлат арбоби Мираброр Усмановнинг саъй-ҳаракатлари билан юртимизда бир қанча спорт мажмуалари барпо этилган. У ёшларни спортга кенг жалб этиш, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини оширишга улкан ҳисса қўшган.

Мираброр Усманов хотирасига бағишланган ва ўтказилиши анъанага айланган навбатдаги турнирда Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон Республикаси ва Гватемала футзал бўйича миллий терма жамоалари иштирок этишди.

Ушбу турнир жорий йилнинг сентябр-октябр ойларида Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган футзал бўйича жаҳон чемпионатига тайёргарлик жараёнида муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Турнирнинг биринчи куни қизиқарли баҳсларга бой бўлди. Биринчи турда Қирғизистон Республикаси ва Гватемала терма жамоалари ўзаро баҳс олиб боришди ва натижада 4:3 ҳисобида Қирғизистон фойдасига ҳал бўлди.  Иккинчи ўйинда Ўзбекистон терма жамоаси Тожикистон терма жамоаси билан учрашди ва 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди.

Гватемала терма жамоаси иккинчи даврадаги илк ўйинда Тожикистон термасига қарши майдонга тушди ва 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Кейин Ўзбекистон ва Қирғизистон Республикаси жамоалари ўртасида ўйинда вакилларимиз 3:1 ҳисобида устун келишди.

Учинчи турнинг илк ўйини Тожикистон ва Қирғизистон терма жамоалари ўртасида кечди ва 4:1 ҳисобида Тожикистон фойдасига ҳал бўлди. Ушбу турнинг навбатдаги ўйинида Ўзбекистон ва Гватемала терма жамоалари майдонга тушишди. Кескин ўйин натижасида Ўзбекистон терма жамоаси 5:4 ҳисобида зафар қучди.

Турнир жадвалига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси тўлиқ ғалабали серия билан биринчи ўринни эгаллади. Вакилларимиз 3 та ўйин ўтказди ва уларнинг ҳар бирида ғалаба қозониб, 11 та гол урди ва 7 та гол ўтказиб юборди. Ушбу натижа билан жамоа максимал 9 очко жамғариш имкониятига эга бўлди. Гватемала терма жамоаси атиги битта ғалабага эришди ва тўплар нисбатига кўра 10-10 ҳисоби қайд этилди, бу эса уларга 3 очко келтирди. Тожикистон ва Қирғизистон терма жамоалари ҳам биттадан ғалаба ва иккита мағлубиятга учраган ҳолда 3 очко жамғарди.

Қайд этилган умумий натижаларга кўра, финалда Ўзбекистон терма жамоаси Гватемала терма жамоаси билан тўқнаш келди. Вакилларимиз ўз кучини кўрсатди ва 7:4 ҳисобида ғалаба қозониб, турнир ғолибига айланди.

Қайд этиш жоиз, “Mirabror Usmanov cup-2024” турнири нафақат спорт мусобақаси, балки Ўзбекистонда футзал ривожида муҳим қадам бўлди. Умид қиламизки, жамоамизнинг муваффақияти шу йилнинг сентябр-октябр ойларида мамлакатимизда бўлиб ўтадиган футзал бўйича жаҳон чемпионатида ҳам ҳамроҳ бўлади.

 

Мавзуга оид