Жаҳон | 09:11
1291
2 дақиқада ўқилади

Доғистонда магистрал газ қувурида портлашлар юз берди

Россиянинг Доғистон Республикасида жойлашган Қизилюрт шаҳри яқинида магистрал газ қувурида кетма-кет учта портлаш содир бўлди. Ҳодиса ортидан йирик ёнғин келиб чиққан бўлиб, хавфсизлик мақсадида 140 нафардан ортиқ аҳоли эвакуация қилинди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Ҳодиса 9 июнь куни «Газпром трансгаз Махачкала» компаниясига қарашли «Моздок – Қозимагомед» магистрал газ қувурида содир бўлган.

Доғистон Фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълумотига кўра, аварияга Қизилюрт туманидаги Бавтуғай ва Гелбах аҳоли пунктлари оралиғида қувурнинг герметиклиги бузилиши сабаб бўлган.

Портлашлардан кейин келиб чиққан ёнғин жуда кучли бўлиб, аланга баландлиги 15 метргача етган.

140 нафар аҳоли эвакуация қилинди

Фавқулодда хизматлар ёнғинни бартараф этиш учун икки соатдан ортиқ вақт давомида иш олиб борган.

Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, хавфсизлик чораси сифатида Қизилюрт туманида яшовчи қарийб 140 нафар фуқаро эвакуация қилиниб, вақтинча қариндошлари уйларига жойлаштирилган.

Расмийлар ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар ёки жабрланганлар йўқлигини маълум қилди.

Газ таъминоти вақтинча тўхтатилади

Портлаш ва ёнғин оқибатларини бартараф этиш ишлари муносабати билан Қизилюрт шаҳри, шунингдек, Қизилюрт ва Кумторқалин туманларидаги бир қатор аҳоли пунктларида газ таъминоти вақтинча тўхтатилиши билдирилди.

ФВВ маълумотига кўра, «Газпром трансгаз Махачкала» диспетчерлик хизмати ҳудудда уч кунлик газ захираси мавжудлигини маълум қилган.

Қувур стратегик аҳамиятга эга

«Моздок – Қозимагомед» магистрал газ қувури Доғистоннинг қатор туманларини табиий газ билан таъминлайди. Шунингдек, мазкур қувур Россиядан жанубий йўналишга, жумладан Озарбайжонга табиий газ етказиб бериш тизимининг муҳим қисми ҳисобланади.

Ҳозирда ҳодиса сабаблари бўйича текширув ишлари олиб борилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид