Жаҳон | 09:18 / 28.07.2024
15258
7 дақиқада ўқилади

Олқишлар, танқидлар ва аксилэрон алянсига чорлов — Нетаняҳунинг АҚШга ташрифи қандай ўтди?

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг Конгрессдаги нутқини 90 га яқин конгрессмен бойкот қилди, шунга қарамай, қолган қонунчилар уни олқишларга кўмди. Исроил раҳбари ўз нутқида Эронга қарши кўп томонлама ҳарбий алянс тузишга чақирди. “Геосиёсат” ташриф давомидаги шу ва бошқа воқеаларни шарҳлаш учун экспертлар Камолиддин Раббимов ва Фарҳод Каримовга мурожаат қилди.

Кўпдан кўп қарсаклар

Фарҳод Каримов: — Конгрессменлар Нетаняҳунинг нутқини тинглашдан кўра кўпроқ уни қўллаб-қувватлаш учун йиғилгандек кўринди, чунки ҳар қандай гапдан кейин ҳамма туриб олқишлади. Гўёки АҚШнинг махсус вакили қандайдир миссияни қойиллатиб бажарди-ю, энди уни қўллаб-қувватлаш керакдек таассурот уйғонди. Албатта, бунда асосий олқиш республикачилар томонидан бўлганини таъкидлаш керак.

Минглаб америкаликлар эса Нетаняҳуни намойишлар билан кутиб олди. АҚШдаги сўл яҳудийлар, ортодоксаллар бу чиқишни яхши кутиб олишмади, албатта. Ҳатто Конгрессдан ўрин олган ўнлаб демократлар ҳам бу нутқни эшитмасликка қарор қилишди ва ўз норозиликларини билдириб туришди.

Умуман, АҚШда Исроил ва Нетаняҳуга бўлган муносабат фарқ қилади. Исроил давлат сифатида сўзсиз қўллаб-қувватланади, лекин сионист Нетаняҳуга минглаб болалар, ёшлар, аёлларнинг бегуноҳ ўлимига сабаб бўлган шахс сифатида, шунингдек, озиқ-овқат етишмовчилиги, ичимлик сув тақчиллигига сабаб бўлаётган шахс сифатида қарашади.

Нетаняҳунинг хоҳиши – Трампнинг ҳокимиятга қайтиши”

Камолиддин Раббимов: — Айтиш мумкинки, Жо Байденнинг ҳокимиятга келиши билан Исроил ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар анча совуқлашди. Исроилни энг кўп қўллаб-қувватлаган АҚШ президенти Доналд Трамп бўлса, Исроилга энг салбий муносабатда бўлган давлат раҳбари Барак Обамадир. Обама президентлиги вақтида Байден вице-президент эди. Демократлар Яқин Шарқда умумий комплексни шакллантирган ҳолда бошқа давлатлар билан келишиш йўлини тутди. Трамп эса бу борада шавқатсиз сиёсатни юритиб, куч ишлатиш йўлини танлади. Яъни АҚШга яқинлашишнинг шарти бу Исроилни қабул қилишдир. Чунки кўплаб араб давлатлари Исроилни давлат сифатида қабул қилмаган эди. Аммо Трамп араб давлатларига босим ўтказиб, Исроилни давлат сифатида қабул қилишларини талаб қилган. Араб давлатлари орасида қабул қилмаслик пакти мавжуд бўлиб, буни фақат Иордания ва Миср бузишга мажбур бўлган эди, Исроил билан урушларда ўзининг ҳудудини йўқотгандан кейин. Аммо Баҳрайн, Марокаш, БАА каби давлатлар Трамп даврида Исроил билан муносабатларини анча яхшилашди. Кўпгина араб давлатлари АҚШга яқинлашиш мақсадида Исроил билан ҳисоблашишига тўғри келди.

7 октябрдан кейин Исроилнинг репутацияси анча салбийлашди. Чунки ўртача ҳисобга кўра 38-39 мингга яқин фаластинлик тинч аҳоли қириб юборилди. Уларнинг каттагина қисмини болалар, аёллар ташкил этган. Бу каби ҳолатлар демократик давлатларнинг Исроил ҳукуматига бўлган муносабатини салбийлаштирди, албатта. Нетаняҳунинг асосий мақсади – Трамп ҳокимиятга қайтгани ҳолда, аввалги сиёсий режаларни бирга амалга оширишни давом эттириш. Аммо Байден ҳокимиятда бўлган вақтда Нетаняҳунинг Конгрессга ташрифи орқага сурилиб келинаётган эди.

АҚШ Исроилдан воз кечишни хоҳламайди, аммо бошқа араб давлатлари билан ҳам муносабатларни мўътадил ушлаб туришга ҳаракат қилади. Исроил эса минтақадаги биринчи иттифоқчи сифатида ҳамма нарса ўз режалари асосида амалга ошишини истайди. Лекин бу АҚШнинг глобал манфаатларига мос келмайди.

Бу ташрифдан асосий манфаатдор – Нетаняҳу

Фарҳод Каримов: — Кўплаб конгрессменлар бу нутқда нафақат иштирок этишмади, балки ижтимоий тармоқлардаги чиқишларида бунга ўз ёндашувларини билдириб ўтишди. Мисол учун, машҳур сиёсатчи Томас Милсон ўз интервюсида айтишича, бу чиқишдан мақсад аслида АҚШ ва Исроил муносабатларини яхшилаш эмас. Чиқишнинг асосий мақсади – биринчидан, Нетаняҳунинг сиёсий фаолиятини яхшилаш ва Исроилда унинг сиёсий обрўсини юқори поғонага олиб чиқиш. Иккинчидан, Ғазодаги Нетаняҳунинг сиёсатини инкор этаётган турли гуруҳларга унинг орқасида АҚШдек давлат турганини билдириб қўйиш учун амалга оширилди, деб баҳолайди. Яъни бу ерда асосий масала муаммони ҳал қилиш эмас, балки бутун дунё ҳамжамиятини чалғитишдир.

Шунингдек, АҚШда сўл яҳудийлар ҳам мавжуд бўлиб, уларнинг фикрича АҚШдаги бу сиёсат бутун дунёда яҳудийларга бўлган муносабатни ўзгартириб юбормоқда. Бу эса Исроил ҳукуматининг энг катта хатоларидан бири аслида. Нетаняҳунинг нутқида шунингдек бу масала цивилизация ва варварлар ўртасидаги кураш деб баҳоланиши ҳам ўша қатламнинг кучли норозилигига сабаб бўлди ва бу масалани цивилизация даражасига кўтаришнинг мавриди эмас эди деган фикрдалар. Сиёсатшунос олимлар ҳам бу чиқишга ўз фикрларини билдириб ижтимоий тармоқларда чиқишлар қилишмоқда. Уларнинг фикрича, Нетаняҳунинг бу сиёсати АҚШда жамиятнинг бўлинишига сабаб бўлмоқда, бу эса йўл қўйиб бўлмас ҳолат деб баҳоланяти.

Эронга қарши алянсдан мақсад нима?

Фарҳод Каримов: — АҚШни минтақадаги ҳарбий жараёнларга тортиш учун қандайдир институционал шакл керак. Иордания ва Қатарда АҚШнинг ҳарбий базалари бор, лекин Нетаняҳу бу марказда Исроилнинг ўзи туришини истаб, ушбу лойиҳани таклиф қилмоқда. Ва АҚШда бу борада тажриба бор, 1958 йилда Бағдод пакти имзоланган бўлиб, бу пакт ҳарбий алянс тузишга асос бўлган. Худди ана шу амалиётни қайта жорий этиш ғояси илгари сурилмоқда Нетаняҳу томонидан. Бу ерда Эрон ва терроризм баҳона сифатида кўрсатилмоқда.

Камолиддин Раббимов: — Бу аслида Нетаняҳунинг лойиҳаси бўлиб, агар демократлар ҳокимиятда қоладиган бўлса бу лойиҳа амалга ошмаслиги аниқ, албатта. Аммо Нетаняҳу Яқин Шарқдаги давлатларга душман сифатида Эронни кўрсатмоқда ва бу лойиҳани қўллашлари кераклигини таъкидламоқда. Аммо Яқин Шарқдаги геосиёсий жараён анча ўзгарган, Эрон ва Саудия ўртасидаги муносабатлар анча илиқлашган.

Экспертлар шарҳи билан тўлиқ ҳолда видео орқали танишинг.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид