Воқеалар ривожи 1971 йил 29 сентябр кунидан бошланганди. Ўша куни Сочи шаҳар милиция бўлимига Иккинчи жаҳон урушининг афсонавий қаҳрамони, собиқ учувчи Григорий Козлов мурожаат қилади.
У санаторийда дам олаётганида пиджаги ва унинг чўнтагида бўлган Совет иттифоқи қаҳрамони учун бериладиган гувоҳнома, Олтин юлдуз медалининг нусхаси, паспорти, авиачиптаси ҳамда бошқа буюмлари йўқолганини маълум қилади.
Козлов милиция ходимларига ҳақиқий Олтин юлдузни йўқотиб қўйишдан хавотирланиб уйида сақлаши, ўрнига бронзадан аслига ўхшатиб нусхасини тайёрлатиб олганини айтади.
Ўғри учувчининг пулларига тегмаганди. Милиция бундан ўғрини фақат тилла буюмлар қизиқтиради, лекин у ҳақиқий олтин медал билан унинг ясамасини ажрата оладиган даражада тажрибали эмас деган хулосага келади.
Аслида эса ўғри медални сотмоқчи эмасди. Унинг мақсади умуман бошқа бўлган. Ўғри Совет иттифоқи қаҳрамони медали ва гувоҳномасидан фойдаланишни мақсад қилганди.
Ўша пайтларда СССРда совет иттифоқи қаҳрамонлари, айниқса улар Иккинчи жаҳон урушида қатнашган бўлса, умуман дахлсиз бўлган.
Ўғрилар уларнинг нарсаларини ўғирлашга жазм эта олмаган. Чунки агар қаҳрамонларнинг нарсаси йўқолса ҳамма оёққа турар ва жиноятчи албатта ушланарди.

Бироқ Козловни санаторийда тунаб кетишибди. Бу довюрак ўғри ким бўлса ва у медал, гувоҳнома ҳамда паспортни нега ўмарган бўлса?!
Милиция Козловни тунаган ўғрини қидирар экан, орадан бир ой ўтиб, Сочи шаҳар милициясига яна бир одам мурожаат қилади.
Ўғри бу сафар совет иттифоқи қаҳрамони Петр Рагозиннинг ҳужжатлари ва Олтин юлдуз медалини ўмарганди.
Сочи шаҳар милицияси ўғрини қидирар экан, жиноят-қидирув бўлими 1969 йилда ҳам уруш фахрийларидан бири буюмлари, ҳужжатлари ва медаллари йўқолгани ҳақида хабар берганини эслашади. Ўғри топилмагани учун ўша “дело” ҳали ҳам “осилиб” турганди.
Орадан бир йил ўтгач, Москвада ўғри ушланади. У 72 ёшли қария бўлиб чиқади. Милиция қўлга олинган шахснинг маълумотларини текшириб кўрганда, у СССРдаги энг ашаддий жиноятчилардан бири, ўша пайтгача бир неча бор қамалган Иван Петров бўлиб чиқади.












