Жаҳон | 23:39 / 29.07.2024
7258
2 дақиқада ўқилади

Тўққизта давлат Венесуэладаги сайлов натижаларини қайта кўриб чиқишга чақирди

Лотин Америкаси давлатлари «овозларни санаб чиқиш шаффоф бўлиши ва натижалар шубҳа туғдирмаслиги керак»лигини таъкидламоқда.

Фото: AFP

Аргентина, Гватемала, Доминикана Республикаси, Коста-Рика, Панама, Парагвай, Перу, Уругвай ва Эквадор ҳукуматлари Америка Давлатлари Ташкилотини (OAS) Венесуэладаги президентлик сайловидан сўнг фавқулодда йиғилиш ўтказишга чақирди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Бу давлатлар сайлов натижаларини тўлиқ қайта кўриб чиқишни талаб қилмоқда. Агентлик келтирган декларацияда сайловчиларнинг хоҳиш-иродаси ҳурмат қилинишини таъминлаш учун Венесуэлада мустақил кузатувчилар бўлиши зарурлиги қайд этилган.

Бундан ташқари, ҳужжатни имзолаган давлатлар вакиллари «овозларни санаб чиқиш шаффоф бўлиши ва натижалар шубҳа туғдирмаслиги керак», деб таъкидлади.

Ушбу қўшма декларация Венесуэладаги вазиятдан ортиб бораётган хавотирни ва қайд этилган мамлакатларнинг Венесуэла ҳукумати томонидан фуқароларнинг иродасини ҳурмат қилишини таъминлаш бўйича аниқ чоралар кўриш ниятларини акс эттириш учун мўлжалланган, дейилади хабарда.

Аввалроқ, Венесуэла Миллий сайлов кенгаши амалдаги президент Николас Мадуро сайловда ғалаба қозонганини маълум қилди.

Венесуэла мухолифати етакчиси Мария Корина Мачадо сўзларига кўра, сайловда Мадуронинг асосий рақиби Эдмундо Гонсалес Уррутиа ғалаба қозонган.

«Венесуэлада янги президент бор ва бу Эдмундо Гонсалес Уррутиа. Биз ғалаба қозондик ва буни бутун дунё билади. Яқин кунларда ҳақиқат ва миллий суверенитет ҳимояси учун хатти-ҳаракатлар эълон қилинади», деди у журналистларга.

Венесуэлада президентлик сайлови 28 июл куни бўлиб ўтди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид