Ўзбекистон | 21:21 / 30.07.2024
6323
5 дақиқада ўқилади

30 июлнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Президентнинг кўпмиллатли халқимизга табриги, дунёнинг гигант корхоналари Ўзбекистонга тўлаган солиқлар, “Ташаббусли бюджет”га киритилаётган ўзгартиришлар — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Халқлар дўстлиги куни муносабати билан табрик

Шавкат Мирзиёев Халқлар дўстлиги куни муносабати билан ўзбекистонликларга табрик сўзини йўллади.

«Жамиятимизда миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлашни энг устувор вазифаларимиздан бири этиб белгиладик. Дунёда Халқаро дўстлик куни деб қабул қилинган 30 июл санасини мамлакатимизда Халқлар дўстлиги куни деб эълон қилганимиз ва ўзига хос байрам сифатида кенг нишонлашни анъанага айлантирганимиз ҳам шундан далолат беради», дейилади табрик сўзида.

Бугун Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат ҳамда 16 та диний конфессия вакиллари тинч-тотув, аҳил-иноқ, ҳамжиҳат бўлиб яшамоқда. 157 та миллий маданий марказ ва 38 та дўстлик жамияти фаолият кўрсатмоқда. Таълим муассасаларида ўқув-тарбия жараёнлари 7 тилда олиб борилмоқда.

Таъкидланишича, сўнгги 7 йилда Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсатида улкан ўзгаришлар рўй берди. Марказий Осиё минтақасидаги қўшни давлатлар билан дўстона алоқалар қайта тиклангани, азалий ришталар янгича мазмунда давом эттирилаётгани халқимизнинг хоҳиш ва истаклари, орзу-интилишларини яққол ифода этмоқда.

«Бугун дунёда беқарор вазият ҳукм сурмоқда. Халқаро майдонда давлатларнинг бир-бирига ўзаро ишончи сусайиб бормоқда. Бундай мураккаб шароитда ҳаётнинг ўзи биздан мамлакатимизда ҳукм сураётган ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, тотувлик ва бирдамлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёшларни бузғунчи ёт ғоя ва оқимлар, ташқи таъсирлардан асрашга қаратилган ишларимизни янги босқичга кўтаришни талаб этмоқда», дейилади табрик сўзида.

Бозорнинг 40 фоизини эгаллаган корхона

Рақобат қўмитаси Knauf Gips Buxoro МЧЖнинг бозордаги улуши 40 фоиздан ортиқни ташкил этгани сабабли корхонани устун мавқега эга деб топди. Бунгача Рақобат қўмитаси гипсокартон маҳсулотини ишлаб чиқариш ва сотиш бозорида таҳлил ўтказган.

Таҳлил натижаларига кўра, Knauf Gips Buxoro МЧЖнинг бозордаги улуши 40 фоиздан ортиқни ташкил этгани сабабли «Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг 13-моддасига асосан устун мавқега эга деб топилди.

Аввалроқ, Рақобат қўмитаси бошқа 6 та корхонани ҳам турли товар ва хизматлар бўйича устун мавқега эга деб топганди.

Гигантларнинг Ўзбекистонга тўлаган солиғи

Meta, Google ва Apple каби гигант корпорациялар 6 ойда Ўзбекистонда қанча солиқ тўлагани маълум қилинди.

Жорий йил биринчи ярмида Ўзбекистонда Meta корпорацияси 18,4 млрд сўм, Google 12,9 млрд сўм, Apple 9,8 млрд сўм солиқ тўлаган.

Умуман, Солиқ қўмитаси Ўзбекистонда электрон хизматлар кўрсатувчи 60 та хорижий компания томонидан 2024 йил январ-июн ойларида 48,4 млрд сўм солиқ тўланганини маълум қилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 баробар кўп.

Тўланган солиқларнинг 95,1 фоизи электрон хизматлар кўрсатувчи 10 та хорижий компания ҳиссасига тўғри келади:

Meta, Google ва Apple каби уч гигантдан ташқари ўнликда Вооking.com, Аmazon, Zoom, Netflix, Асса, Хsolla ва Adobe каби компаниялар бор.

«Ташаббусли бюджет»га ўзгартиришлар

“Опен бюджет”нинг амалдаги тартибига бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши режалаштириляпти. Жумладан, танловда доимий ғолиб бўлиб келаётган маҳалла (ташкилот)ларга танаффус эълон қилиш амалиётини жорий этиш режлаштириляпти.

Шунингдек, мажбурий тарзда овоз тўпланган лойиҳалар ғолиблар рўйхатидан четлатилиши назарда тутилмоқди.

Бу ҳақда бош вазир ўринбосари - иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров парламент қуйи палатасига берган ахборотида маълум қилинди.

Хусусан, қуйидаги ўзгаришларни амалиётга киритиш режалаштириляпти:

  • аҳоли сони кичик бўлган маҳаллаларга ғолиб бўлиш имкониятини яратиш мақсадида доимий тарзда ғолиб бўлиб келаётган маҳалла (ташкилот)ларга танаффус эълон қилиш амалиётини жорий этиш;
  • ходимларни мажбурий овоз тўплашга жалб этиш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида овоз бериш босқичи муддатини 10 кунга камайтириш, мажбурий овоз тўпланган лойиҳаларни ғолиб лойиҳалар рўйхатидан четлатиш амалиётини жорий этиш;
  • халқ депутатлари ҳудудий кенгашлари ваколатларини кенгайтириш мақсадида туман (шаҳар) бюджетидан қўшимча маблағ ажратиш ҳисобига ғолиб бўлмаган лойиҳаларни қўшимча ғолиб сифатида эълон қилиш амалиётини жорий этиш.

Ушбу ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилиб, кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун Сенатга тақдим этилган.

Мавзуга оид