Жаҳон | 07:32 / 05.08.2024
2023
2 дақиқада ўқилади

«Ҳар қандай мавжуд чипта брон қилиниши керак»: АҚШ ўз фуқароларини Ливанни тарк этишга чақирди

АҚШ элчихонаси Исроил ва «Ҳизбуллоҳ» ўртасидаги зиддият кучайган бир пайтда ўз фуқароларини Ливандан зудлик билан учиб кетишга чақирди.

Фото: Getty images

Британия ва АҚШнинг Байрутдаги элчихоналари Исроил ва Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати ўртасидаги зиддият кучайиб бораётган бир пайтда Ливандаги фуқароларини зудлик билан мамлакатни тарк этишга чақирди.

Британия элчихонаси фуқароларга «ҳозир тижорий рейслар мавжуд бўлганда» Ливандан учиб кетишни маслаҳат бермоқда. Ташқи ишлар вазири Дэвид Лэммига кўра, «вазият тезда ёмонлашиши мумкин». АҚШ элчихонаси, ўз навбатида, фуқароларни «ҳар қандай мавжуд чиптани брон қилишга» чақирди, ҳатто парвоз манзили «хоҳишга тўлиқ мос келмаса ҳам».

Лондон минтақада дипломатик ва ҳарбий иштирокини кучайтиради

Британия элчихона ходимларига ёрдам бериш ва Британия фуқароларининг сўровларига «тез жавоб қайтариш» учун Яқин Шарқ минтақасига, жумладан, Ливанга дипломатларини юборди. Ҳудудда Британия қўшинлари «жойлаштириш жараёнида», дейилади хабарда.

Аввалроқ, 2 август куни Британия мудофаа вазири Жон Ҳилли Исроилга ташриф буюриб, «таранглик ортиб бораётган вазиятда кескинликни юмшатиш»га чақирган эди.

Исроил Байрутда «Ҳизбуллоҳ» етакчисини ўлдирди

30 июл куни Исроил Байрутнинг жанубий чекка ҳудудларига зарба берди. Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, камида 3 киши ҳалок бўлган, 70 дан ортиқ киши жароҳатланган.

Исроил Мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) «мақсадли» операцияда 27 июл куни Жўлан тепаликларига уюштирилган ҳужум учун масъул бўлган «Ҳизбуллоҳ»нинг юқори мартабали ҳарбий қўмондони Фуад Шукр ҳалок бўлганини маълум қилди. Ҳужумдан сўнг Исроил ташқи ишлар вазири Исраэл Кац Ливан ҳаракати билан «кенг кўламли уруш» эҳтимоли ҳақида огоҳлантирди.

Ўз навбатида, «Ҳизбуллоҳ» ҳужумга алоқадорлигини рад этади. Гуруҳ зарбалари фақат Исроил ҳарбий базасига қаратилганини таъкидламоқда.

Мавзуга оид