Иқтисодиёт | 19:43 / 05.08.2024
15427
4 дақиқада ўқилади

“Қора душанба”. Глобал бозорлар нега қулаяпти?

Глобал фонд бозорларида биржа индекслари қулаб тушди. Бунга АҚШда ишсизлик кўрсаткичи бўйича эълон қилинган ҳисобот ва ундан англашилган рецессия бошланиши хавфи сабаб бўлди. Осиёдаги фонд бозорларининг тарихий рекорд даражаларда қулашига эса Япония Марказий банки томонидан фоиз ставкаларининг оширилиши катализатор вазифасини бажарди.

Фото: Kyodo / via Reuters

Бугун, 5 август кунги савдолар бошланиши билан Осиё фонд бозорида биржа индекслари қулаб тушди. Хусусан, Япониянинг Topix индекси 10,6 фоизга пасайди, бу 1987 йилдан бери энг катта қулашдир. Шунингдек, Nikkei индекси 13,4 фоизга, Тайван Taiex индекси 8,4 фоизга, Корея Kospi индекси 8 фоизга пастлади.

MSCI Asia Pacific фонд индекси 4,9 фоизга қулаб, 2020 йилги пандемия бошида қайд этилган энг ёмон кўрсаткичига яқинлашди. Bloomberg маълумотларига кўра, индекс йўқотишларининг чорак қисми тўртта компания: TSMC, Samsung, Toyota вa Mitsubishi ҳиссасига тўғри келган.

Савдолар бошланган пайтда Осиё индекслари орасида Ҳиндистоннинг Nifty индекси 2 фоизга ва Хитойнинг CSI 300 индекси 1 фоизга пасайиб, энг яхши кўрсаткични қайд этган.

Bitcoin ва нефт нархи кескин арзонлашди

Тошкент вақти билан соат 17:20 ҳолатига кўра, Bitcoin нархи 50 минг 531 долларгача пасайди. Токен баҳоси 11:00 лар атрофида 50 минг доллардан ҳам тушиб кетди. Бу жорий йилнинг январ ойидан бери қайд этилган энг паст кўрсаткичдир.

Маълумот учун, июл ойида Bitcoin баҳоси 69 минг доллардан ҳам ошиб кетганди. Бу Доналд Трампнинг Қўшма Штатларни “Bitcoin’лар бўйича супер давлат” ва “сайёранинг крипто пойтахти”га айлантириш ҳақидаги ваъдаси фонида содир бўлганди.

Экспертларнинг таъкидлашича, ҳозирги ҳолат Bitcoin ва умуман криптовалюталар хавфли актив эканини англаш учун яна бир эслатма ҳисобланади.

Капиталлашув бўйича иккинчи йирик криптовалюта – Etehreum нархлари эса янада арзонлашди. Икки кун ичида ушбу токен нархи деярли 30 фоизга қулади.

Брент нефтининг нархи ҳам 1,34 фоизга арзонлаб, 9 январдан бери бир баррел учун 76 доллардан пастга тушди. Умуман олганда, ҳаммаси 2 августда бошланган эди — S&P 500, Nasdaq ва Dow Jones индекслари сезиларли даражада пасайди. Хусусан, Dow Jones индекси 852 пунктга, Nasdaq ва S&P 500 эса мос равишда 583 ва 113 пункт пастлаб, ўтган ҳафтани қизил ҳудудда ёпишди. Натижада Amazon, Nvidia, Microsoft, Tesla, Google ва Apple каби гигант компаниялар ҳам ўз қийматини сезиларли даражада йўқотди.

Қулашга қайси омиллар таъсир қилди?

Биринчи навбатда, котировкаларнинг қулашига АҚШдаги рецессия хавфи асосий таъсир кўрсатувчи омил бўлди. Ўтган ҳафта эълон қилинган статистик маълумотларда, ишсизлар сони аввалги ой ва прогнозга нисбатан 0,2 фоиз ошиб, 4,3 фоизни ташкил этди. Бу умумий иқтисодиёт учун жуда ёмон сигнал. Ўз навбатида, Федерал захира тизими қаттиқлаштирилган монетар сиёсатини давом эттиряпти. Қаттиқ монетар сиёсат, фоиз ставкасини ошириш йўли билан олиб борилган ҳолатда, марказий банк томонидан қарз бериш шартларини кучайтириб, юридик ва жисмоний шахслар учун қарзни қиммат қилиб қўяди. Бу иқтисодий фаолликни секинлаштиради, оқибатида, компанияларнинг кенгайиши секинлашиши ва истеъмолчиларнинг харид кайфияти тушиши мумкин. Бу ёндашувнинг меҳнат бозорига салбий таъсири кучли бўлиб, кўп ҳолларда ва хусусан, ҳозирда ҳам ишсизлик даражасининг ошишига сабаб бўлмоқда.

Осиё бозоридаги акцияларнинг кескин тушиб кетишига эса Япония Марказий банкининг асосий ставкани 0–0,1 фоиздан 0,25 фоизгача ошириш қарори сабаб бўлган. Бу йил бошидан бери иккинчи марта фоиз ставкасининг оширилишидир. Япония банкини ставкани оширишга ундаган асосий омиллардан бири – мамлакат миллий валютаси – иенанинг узоқ вақт давомида заифлашишидир. Бу инфляцияни марказий банкнинг 2 фоизлик кўрсаткичидан ошиб кетишига олиб келган.

Айни пайтдаги акциялар баҳосининг арзонлашишига бевосита Яқин Шарқдаги кескинликнинг кучайиши ҳам таъсир қилди. ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳаниянинг ўлдирилишига жавобан Эроннинг Исроилга ҳужум қилиш эҳтимоли мавжуд. Геосиёсий ноаниқлик ва урушлар бозорларда хавотир уйғотади ва инвесторларни акцияларни сотиб юборишга ундайди.

Мавзуга оид