Париж Олимпиадасида спорт курашлари бўйича баҳслар ҳам бошланди. Мусобақага Ўзбекистон 7 нафар курашчи билан келган.

Юнон-рум кураши

Юнон-рум курашида 5-8 август кунлари эркаклар ўртасида 6 та вазнда беллашувлар ўтказилиши режалаштирилган. Ўзбекистондан 3 та вазнда иштирокчи бор эди:

-60 кг: Ислом Баҳромов

-77 кг: Арам Варданян

-97 кг: Рустам Ассакалов

Беллашувларни -60 кг вазнда Ислом Баҳромов бошлади. Рио Олимпиадаси совриндори Элмурод Тасмуратовнинг шогирди бўлган самарқандлик курашчи 1/8 финалда қочоқлар жамоаси вакили Жамол Вализодани 9:0 ҳисобида енгди, аммо чоракфиналда КХДР аъзоси Се Унг Рига мағлуб бўлди ва мусобақани медалсиз якунлади.

6 август куни -77 кг вазнда Арам Варданян Олимпиададаги дебютини ўтказади. Ереванда туғилган курашчи 2010 йилдан бери Ўзбекистон жамоаси номидан мусобақаларда қатнашади. Арам 2019 йилги жаҳон чемпионатида кумуш медални қўлга киритган, икки бор Осиё чемпионатида бронза медалига сазовор бўлган.

Варданян 1/8 финалда мисрлик Маҳмуд Абдулраҳмонга қарши гиламга чиқади. Агар чоракфиналга чиқса, 1-рақамда сараланган, япониялик Осиё чемпиони Нао Кусакага дуч келиши мумкин. Бу вазнда жаҳон ва уч карра Европа чемпиони Малхас Амоян (Арманистон), Токио Олимпидаси кумуш медали соҳиби Акжол Маҳмудов (Қирғизистон), Европа чемпиони Санан Сулайманов (Озарбойжон) ҳам бор.

-97 кг вазнда жамоа «оқсоқоли» Рустам Ассакалов учинчи Олимпиадасида иштирок этади. Краснодарда туғилган спортчи 2012 йилдан бери Ўзбекистон кураш жамоаси аъзоси. У қитъа чемпионатларида 3 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза медалларига эга чиққан. Жаҳон чемпионатларида эса кумуш ва бронза медаллари соҳиби бўлган. Катта эҳтимол билан Париж-2024 40 ёшли курашчи учун сўнгги йирик мусобақа бўлади.