Жаҳон | 21:12 / 07.08.2024
3149
3 дақиқада ўқилади

АҚШда Покистон фуқароси Доналд Трампга суиқасд уюштиришда гумонланиб ҳибсга олинди

У Нью-Йоркда қотилликни амалга оширадиган эркакни, «разведка» учун аёл ва «қотиллик юз бергандан кейин эътиборни чалғитиш учун норозилик акцияси ўтказадиган» 25 га яқин одамни излаган.

Фото: Geller Report

АҚШ ҳукумати мамлакатда сиёсатчиларга суиқасд уюштириш мақсадида тил бириктирганликда гумонланган Покистон фуқаросини ҳибсга олди. Бу ҳақда АҚШ Адлия вазирлиги ҳужжатлари ва ўз манбаларига таяниб, CNN хабар берди.

Қайд этилишича, Бруклин федерал прокурори 46 ёшли покистонлик Асиф Мерчантга нисбатан айблов эълон қилган. Прокурорнинг сўзларига кўра, у бирмунча муддат Эронда яшаган ва оиласи ҳам ушбу мамлакатда.

Мерчант 12 июлда, АҚШдан чиқиб кетишга тайёргарлик кўрганида ушланган. Бу гумонланувчи тахминий қотиллар — аслида ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари бўлган шахслар билан учрашганидан кейин содир бўлган. Учрашувларнинг бирида Мерчант август охири — сентябрь бошларига режалаштирилган қотилликда «Покистон ва мусулмон оламига зиён келтираётган» одамлар йўқ қилинишини айтган.

Прокурорларнинг маълумотларига кўра, Мерчант Нью-Йоркда қотилликни амалга оширадиган эркакни, «разведка» учун аёл ва «қотиллик юз бергандан кейин эътиборни чалғитиш учун норозилик акцияси ўтказадиган» 25 га яқин одамни излаган. Покистонлик эркак қўлга олинганидан кейин тергов билан ҳамкорлик қила бошлаган. Мерчантнинг адвокати ушбу маълумотни рад этди.

Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) терговчиларига кўра, гумонланувчининг нишонида АҚШнинг амалдаги ва собиқ амалдорлари, шунингдек, республикачилар номидан президентликка номзод Доналд Трамп ҳам бўлган.

ФҚБ эҳтимолий фитнани Пенсилваниядаги митингда Трампга уюштирилган суиқасддан бир неча ҳафта олдин тергов қилган. CNN манбаларига кўра, терговчилар Асиф Мерчант Батлердаги отишмага алоқадорлиги бўйича бирор исботни топа олмаган.

Митингдаги отишмадан кейин Американинг қатор нашрлари АҚШ ҳужумати Эроннинг Трампга суиқасд уюштиришига оид разведка маълумотларини қўлга киритганини маълум қилганди. Эрон томони эса президентликка номзодни ўлдириш режасини рад этган.

АҚШ ҳукумати бир неча бор Эрон «Ал-Қудс» Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси махсус бўлинмаси қўмондони генерал Қосим Сулаймоний учун қасос олиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.

Трамп эронлик генерални ўлдиришни буюрган

Эронлик генерал Қосим Сулаймоний 2020 йил 3 январга ўтар кечаси АҚШнинг Ироқдаги ҳаво ҳужуми натижасида ҳалок бўлди. Ҳаво ҳужумига буйруқни ўша пайтда АҚШ президенти бўлган Доналд Трамп берган. Эронлик юқори мартабали ҳарбий зобитнинг ўлдирилиши Бағдоддаги намойишчилар АҚШ элчихонасига бостириб киришга уринганидан бир неча кун ўтиб содир бўлди. Вашингтон дипломатик миссияга ҳужум генерал Сулаймонийнинг буйруғи билан амалга оширилганини билдирди.

Мавзуга оид