Жаҳон | 15:46 / 08.08.2024
3840
2 дақиқада ўқилади

БМТдаги доимий вакил: Эроннинг устувор вазифаси - Ғазо оккупациясига чек қўйиш ва Исроилни жазолаш

Эрон Ғазо секторидаги ҳужумлар тўхтатилса, Исроилга қарши ҳужумлардан воз кечиши ҳақидаги даъволарга жавоб берди.

Фото: Anadolu Agency

Эрон блокададаги Ғазо сектори оккупациясини тугатиш, Исроилни жазолаш ва бу давлат томонидан ҳужумлар такрорланишининг олдини олишга устувор аҳамият қаратмоқда.

Бу ҳақда Эроннинг БМТдаги доимий вакили Саид Иравоний Теҳрон Ғазодаги ҳужумларни тўхтатса, Исроилга ҳужум қилиш ниятидан воз кечиши ҳақидаги иддаоларга изоҳ берар экан, айтиб ўтди.

«Бизнинг устувор вазифамиз ҳужумларни бутунлай тўхтатиш ва Ғазо секторидан оккупацион кучлар олиб чиқиб кетилишидир. Бундан ташқари, бизнинг устувор вазифамиз Ҳамас етакчиси Исмоил Ҳаниянинг ўлдирилишида иштирок этганларни жазолашдир. Бизнинг яна бир устувор вазифамиз - Исроил режими томонидан содир этилган терактлар такрорланиши олдини олиш», деди Иравоний Al Jazeera телеканалига.

Фаластиннинг Ҳамас ҳаракати сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳания Теҳронда ўлдирилганидан сўнг Эрон бунга жавоб қайтаришга ваъда берди. Бироқ яқинда оммавий ахборот воситаларида Тел-Авив маъмурияти Ғазога ҳужум қилишни тўхтатса, Теҳрон Исроилга ҳужум қилиш ниятидан воз кечиши даъво қилинган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид