Ўзбекистон | 10:32 / 09.08.2024
3460
3 дақиқада ўқилади

ДХХ гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйди

Яшнобод туманида фуқаронинг яшаш хонадонида кир ювиш воситалари пакетларига қадоқланган 45 кг 898 гр кристалл кукунсимон моддалар аниқланди. Уларнинг таркибида “Прегабалин” кучли таъсир қилувчи моддаси бўлган.

Фото: Видеодан кадр

Давлат хавфсизлик хизмати томонидан жойларда гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.

Давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан божхона органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда “Тошкент-Фарғона” йўналишида ҳаракатланаётган, Марғилон шаҳрида яшовчи шахс бошқарувидаги “Дамас” русумли автомашина “Наманган” ЙПХ масканида тўхтатилиб, кўздан кечирилди.

Натижада автотранспорт воситасининг орқа ўриндиғига яшириб қўйилган 9 кг 573 гр “гашиш” моддаси борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинди. Шунингдек, терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида, мазкур шахснинг яшаш хонадонидан ҳам 2 кг 779 гр “гашиш” ва 1 кг 29 гр “опий” моддалари ҳужжатлаштириб олинди. 

Тезкор тадбир давомида, ушбу фуқаронинг Фарғона ва Марғилон шаҳарларида истиқомат қилувчи уч шериги ҳам қўлга олинди. Улардан бири муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган.

Давлат хавфсизлик хизматининг Хоразм вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан божхона ва ички ишлар органлари билан ҳамкорликда Тупроққалъа туманида ўтказилган тезкор тадбирда “Самарқанд-Хоразм” йўналишида ҳаракатланаётган, Самарқанд шаҳрида яшовчи фуқаро бошқарувидаги “Киа” русумли автотранспорт воситаси тўхтатилиб, кўздан кечирилди. 

Натижада автомашинада 2 кг 821 гр “опий” моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. Аниқланишича, у Тожикистонда яшовчи фуқародан ҳар бир килограммини 6500 АҚШ долларидан сотиб олган ушбу наркотик моддани Хоразм вилоятидаги гиёҳвандфурушларга сотишни режалаштирган.

Давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида истиқомат қилувчи фуқаронинг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилди. Натижада, унда кир ювиш воситалари пакетларига қадоқланган 45 кг 898 гр кристалл кукунсимон моддалар мавжуд бўлиб, уларнинг таркибида “Прегабалин” кучли таъсир қилувчи моддаси борлиги аниқланди. Шунингдек, фаол тадбир давомида 1 кг 190 гр “Тропикамид” моддаси ҳам мусодара қилинди.

Тошкент шаҳрининг Миробод туманида ўтказилган тезкор тадбирда эса Фарғона вилоятининг Данғара туманида яшовчи, муқаддам бир неча маротаба судланган шахс 1512 дона “Регапен” ва 300 дона “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситаларини Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи, муқаддам бир неча маротаба судланган фуқарога 60 млн сўмга сотган вақтида ушланди. Маълум бўлишича, ушбу дори воситалари Қирғизистондан олиб келинган. 

Ҳозирда мазкур шахсларнинг барчасига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

Мавзуга оид