Ўзбекистон | 19:12 / 09.08.2024
2958
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга давлат ташрифи якунланди

Ташриф тадбирлари якунлангач, Остона халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Қозоғистон бош вазири Ўлжас Бектенов кузатиб қўйди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга давлат ташрифи ва Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг саммити доирасидаги тадбирлар якунланди.

Ташриф дастурига мувофиқ, Остона шаҳрида Ўзбекистон ва Қозоғистон етакчилари тор доирада учрашув ва Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи мажлисини ўтказди. Икки томонлама ҳужжатлар тўплами қабул қилинди. Қўшма лойиҳаларни ишга тушириш маросими бўлиб ўтди.

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Шавкат Мирзиёевга Ўзбекистон-Қозоғистон дўстлигини мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун ўз мамлакатининг олий давлат мукофоти - «Олтин Қирон» орденини тантанали равишда топширди.

Етакчилар Қозоғистон пойтахтида буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ҳайкали очилишида иштирок этди.

Ўзбекистон президенти Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг олтинчи Маслаҳат учрашувида иштирок этди ва минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашнинг устувор йўналишларини кўрсатиб ўтди.

Шавкат Мирзиёевга минтақада дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро англашувни ривожлантиришдаги алоҳида хизматлари учун Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Фахрий нишонини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.

Саммит доирасида Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов билан учрашув бўлиб ўтди, унда икки томонлама дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.

Ташриф тадбирлари якунлангач, Остона халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Қозоғистон бош вазири Ўлжас Бектенов кузатиб қўйди. Мирзиёев Тошкентга жўнаб кетди.

Мавзуга оид