Европа Иттифоқи давлатлари давлат ва ҳукумат раҳбарлари пайшанба куни, 22 январда Гренландия атрофидаги вазиятга бағишланган фавқулодда саммитда АҚШ президенти Доналд Трампнинг унинг сиёсатига қарши чиққанларга нисбатан оширилган божларни жорий этишдан воз кечиш қарорини олқишлади ва ЕИ давлатларининг умумий манфаатларни ҳимоя қилишда бирдамлиги муҳимлигини таъкидлади.
“ЕИ ўз манфаатларини ҳимоя қилишда давом этади ва ҳар қандай шантаж шаклидан ўзини муҳофаза қилади”, — деди Европа кенгаши раиси Антониу Кошта. Германия канцлери Фридрих Мерц ва Франция президенти Эммануэл Макрон ҳам Гренландия тақдири масаласида ЕИнинг жипслигини юқори баҳолади. “Маълум бўлдики, Европа томонининг бирдамлиги ва қатъияти ҳақиқатан ҳам натижа бериши мумкин”, — деди Мерц.
Макрон қайд этдики, Европа бирдам ҳаракат қилса, “ўзига ҳурмат билан қарашга мажбур қила олади”. Шу билан бирга, у вазият “мақбул” бўлишига қарамай, “ҳушёрликни сақлаш”га чақирди.
Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен билдиришича, ЕИ яқин орада Гренландия учун инвестициялар пакети тақдим этади. “Биз ЕИнинг Гренландия билан муносабатларини мустаҳкамлаш устида ишлаяпмиз ва шу доирада Европа комиссияси тез орада кенг қамровли инвестиция пакети тақдим этади”, — дея Reuters агентлиги фон дер Ляйен баёнотини келтиради.
Бундан ташқари, ЕК раҳбари маълум қилишича, ЕИ мудофаа бюджети маблағларининг бир қисмини Арктикада фойдаланиш мумкин бўлган ускуналарни харид қилишга, жумладан Европа музёрар кемасини олишга йўналтирмоқчи.
“Биз минтақадаги Буюк Британия, Канада, Норвегия, Исландия ва бошқалар каби ҳамкорлар билан хавфсизлик ва мудофаа соҳасидаги келишувларимизни мустаҳкамлашимиз керак. Гренландия учун бу ҳақиқий геосиёсий заруратга айланди”, — деди фон дер Ляйен.
Аввалроқ, 21 январ куни, АҚШ президенти Доналд Трамп Давосдаги Бутунжаҳон иқтисодий форуми (ЖИФ)да Даниянинг автоном ҳудуди бўлган Гренландияни АҚШга ҳарбий йўл билан қўшиб олиш нияти йўқлигини айтган эди. Шунингдек, у мазкур Арктика оролига даъволарига қарши чиққан давлатларга нисбатан оширилган божларни жорий этишдан воз кечишини маълум қилди. Бу божлар 1 февралдан кучга кириши керак эди.
Трамп сўзларига кўра, Давосда НАТО бош котиби Марк Рютте билан учрашувда Гренландия бўйича келгуси келишув учун “шартлар”ни келишиб олишга муваффақ бўлган. Рютте эса тегишли музокаралар мавзуси Россия ва Хитой томонидан Гренландияга иқтисодий ва ҳарбий “кириш имкони”нинг олдини олиш бўлганини айтган.







