Жаҳон | 22:45 / 13.08.2024
10463
4 дақиқада ўқилади

Эрон вице-президенти 10 кун ишлаб, истеъфога чиқди. Нега?

Эрон вице-президенти лавозимини расман эгаллаганига 10 кун тўлган Муҳаммад Жавод Зариф истеъфо берди. Ўзининг изоҳлашича, у ҳукуматни шакллантириш борасидаги фаолиятидан қониқмаган. Бу ҳолат сиёсий элита ичкарисидаги бўлинишга ишора қилиши мумкин.

Зариф – Эроннинг 2013-2021 йиллардаги ташқи ишлар вазири. У 2015 йилда Эрон ядро дастури бўйича битим тузишда фаол иштирок этган, Америка расмийлари билан доимий мулоқотда бўлган.

Ғарб нашрлари унинг вице-президентликдан кетганига катта аҳамият қаратмоқда. New York Times бу истеъфо сиёсий элитани шокка туширганини ёзган.

Маълумки, Эроннинг янги президенти Масъуд Пизишкиён ислоҳотчилар номзоди сифатида сайловда қатнашганди. Аҳоли уни нисбатан эркинроқ ва очиқроқ Эронни қуришига ишониб сайлаган бўлса-да, эксперт доиралари Пизишкиённинг олий диний раҳнамога содиқ экани, давлатда асосий бошқарув унинг қўлида бўлмаслигини инобатга олган ҳолда, Эрон сиёсий атмосферасида сезиларли ўзгариш қилолмаслигини башорат қилганди.

Ўтган якшанба куни президент Вазирлар Маҳкамаси аъзолиги учун қатор консерваторлардан номзодларини эълон қилди. Бунинг ортидан, шу куни вице-президент ўз лавозимини топширишини ҳам маълум қилди: у вазирларни танлаш борасида Пизишкиён билан турлича фикрда бўлган. Хусусан, ҳукумат учун танланган 19 вазирдан 6 нафари унинг рўйхатида иккинчи ёки учинчи даражали, 1 нафари эса бешинчи даражали номзод бўлган.

ОАВга кўра, буларнинг ҳаммаси дастлабки кунларданоқ баъзи сиёсий доираларнинг президентга нисбатан норозилигини кучайтирмоқда. Улар Пизишкиённи сиёсий ўзгаришлар олиб бориш ваъдасини ҳозирданоқ бажармаётганликда айблашяпти.

Вице-президент этиб тайинланган ва Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодлар рўйхатини шакллантириш қўмитасига раҳбарлик қилган Муҳаммад Жавод Зариф – Пизишкиён кампаниясининг таниқли юзларидан эди. У сайлов олдидан мамлакат бўйлаб юриб, сайловчиларга ўзгаришлар даври бошланаётганини айтган, катта ваъдалар берганди. Энди эса у ҳукумат тузилмасданоқ лавозимини тарк этиб, сиёсий элитада чуқур бўлиниш юз бераётганини оммага намойиш қилмоқда, дея ёзади The New York Times.

Зариф X'даги саҳифасида одамлар кутган ички ўзгаришларни амалга ошира олмаслиги унга аён бўлганини таъкидлаган.

“Мен фаолиятимдан қониқмадим. Аёллар, ёшлар ҳуқуқлари, этник хилма-хиллик вакиллари борасида ваъда қилганларимга етарли даражада эриша олмаганимдан уяламан”, дея ёзган Муҳаммад Жавод Зариф.

Deutsche Welle нашрининг қайд этишича, Эронда тузилган ҳукуматни ислоҳотлар ваъдасига мос деб бўлмайди. Июл ойининг охиридан президентлик лавозимига киришган Пизишкиён ўтган ҳафта охирида фақат бир нафар аёлдан иборат ҳукумат таркибини Эрон парламентига тақдим этди.

Таклиф этилаётган рўйхат Эроннинг ислоҳотчилар лагеридаги баъзилар, жумладан, марҳум президент Иброҳим Раисий ҳукуматидан консерваторлар ҳам киритилгани учун танқидга учради. Бу номзодлар ваъда қилинган ислоҳотларга мос келмайди, дея ёзади DW.

Таъкидлаш керак, Муҳаммад Жавод Зариф вице-президент этиб тайинланганидан кейин фарзандлари АҚШ фуқаролигига эга бўлгани учун босимларга дуч келганини ҳам қўшимча қилган.

Мавзуга оид