Фан-техника | 13:01 / 13.08.2024
7241
4 дақиқада ўқилади

Сунъий интеллект, янги тугма ва ранглар, каттароқ экран – iPhone 16’дан нималар кутилмоқда?

Apple компанияси сентябрь ойида тақдим қилиши кутилаётган янги флагманнинг техник хусусиятлари ҳақида маълумотлар пайдо бўлди. Инсайдерларга кўра, iPhone 16 дизайнида катта ўзгаришлар бўлмайди, лекин 16-сериясидаги моделларда Apple Intelligence ишлаши учун тезкор хотира кучайтирилади, камера учун янги тугма қўшилади.

Apple’нинг 2023 йилдаги тақдимот маросими. Фото: Justin Sullivan

Блумберг нашри мухбири Марк Гурман инсайдерларга асосланиб, Apple компаниясининг кутилаётган iPhone 16 смартфонларида қандай ўзгаришлар бўлиши ҳақида маълумот берди.

Apple ўзининг янги смартфонларида 2020 йилда янгиланган дизайндан айтарли катта ўзгаришлар қилмайди. Гарчи ўтган йилги iPhone 15 Pro биринчи марта титан корпусда чиққани ёки iPhone 14 Pro’га янги интерфейс сифатида эътироф этилган Динамик орол (Dynamic Island) қўшилган бўлса-да, булар катта ўзгариш ҳисобланмаган.

Бу йилги iPhone 16 линияси ушбу дизайн меросини давом эттиради ҳамда тўртта янги модель — iPhone 16, 16 Plus, 16 Pro ва 16 Pro Max, деб номланиши кутилмоқда.

Фото: x.com/AppleHub

iPhone серияларида нималарни кутиш мумкин?

Янги қурилмалар маркетингида урғу бериладиган энг катта нуқта — Apple Intelligence бўлади. Бу смартфонларнинг янги сунъий интеллект (AI) имкониятлари тўплами. Барча iPhone 16 моделларида Apple Intelligence ишлайди. Шунингдек, сунъий интеллект тўплами янгиланган операцион система эга iPhone 15 Pro ва Pro Max версиялари билан ҳам ишлайди. Лекин яна бир тахмин бор. Унга кўра, AI янги қурилмалар билан бирга iOS 18 да чиқмайди, балки октябрь ойида пайдо бўлади ва ойига 20 доллар тўлов эвазига ишлаши мумкин. Лекин тўлов борасида фикрлар аниқ эмас.

Фото: x.com/AppleHub

 

iPhone 16нинг барча версияларида Action тугмаси қўшилади. Лекин iOS 18 да созланиши мумкин бўлган Бошқарув маркази – Action тугмасига эҳтиёж камаяди.

iPhone 16 флагман қурилмаларининг ўнг томонида янги камера бошқаруви тугмаси бўлиши кутилмоқда. У камера тугмаси каби ишлайди: автофокусни ишга тушириш учун бироз босилади, қаттиқроқ босиб расмга олиш мумкин. Фото ва видеолар тасвирга олишда катталаштириш ва кичрайтириш учун тугмада Zoom функцияси ҳам бўлиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, фақат Pro моделларида экранлар бироз каттароқ бўлади. Масалан, Proʼда 6,1 дюймдан 6,3 дюймга ўтади, Pro Мах’да эса 6,7 дюймдан 6,9 дюймга яқинлашади. Шунингдек, Pro (9 фоизга) ва Pro Max’да (5 фоизга) батарейка қуввати ошади.

Фото: x.com/AppleHub
Фото: x.com/AppleHub

Шунингдек, 16 сериядаги моделларнинг барчаси 8 гигабайт тезкор хотирага эга бўлади. Бу юқорида қайд этилган сунъий интеллект тўплами – Apple Intelligence ишлаши учун зарур бўлган ҳажм.

Одатдагидек, бу серияда ҳам қурилмалар ранглари янгиланади. iPhone 16 Pro ва Pro Max моделларида кўк титан ранги ўрнига — пушти тилла ранг пайдо бўлади.

Фото: x.com/AppleHub

Муаллифга кўра, бу ўзгаришлар янги iPhone’ларни сотиб олиш учун мотивация бермаслиги мумкин. Лекин 2025 йилда iPhone линиясига катта силкиниш олиб келиши кутилаётган янги iPhone SE тақдим этилади. Қурилма iPhone 14’га ўхшаб, бутун қурилма бўйлаб чўзилган OLED дисплейга эга бўлади ва Apple Intelligence’ни қўллаб-қувватлайди.

Агар Apple янги iPhone SE нархини тахминан 500 долларга тушира олса, бу компания тарихидаги энг яхши сотувларга сабаб бўлиши мумкин.

Фото: x.com/AppleHub

Лекин қурилмадаги йирик инқилобий ўзгаришлар 2025 йил сентябрь ойида iPhone 17 билан пайдо бўлиши айтилмоқда.

Масалан, анча нозик дизайнга эга iPhone 17 ва iPhone 17 Pro ўртасида жойлашган iPhone’нинг AIR версияси. Буни худди Macbook ва Macbook Pro ўртасида пайдо бўлган Macbook Air билан таққосласа бўлади. 

Мавзуга оид