Жаҳон | 10:56 / 14.08.2024
3246
2 дақиқада ўқилади

Словакияда Фицо ҳукуматига қарши намойишлар бўлиб ўтди

Намойишчилар кутилмаганда миллий театр ва галерея раҳбарларини ишдан бўшатган маданият вазирининг истеъфосини талаб қилишди.

Фото: Vaclav Salek/CTK/picture alliance

13 август, сешанба куни Братиславада бир неча минг киши бош вазир Роберт Фицо ва маданият вазири Мартина Шимковичованинг сўл популистик ҳукуматига қарши намойишга чиқди. Ташкилотчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, намойишда 18 мингга яқин одам қатнашган. Оломон «Уят!» дея ҳайқирган ва вазирнинг истеъфосини талаб қилди.

Норозиликларга Шимковичованинг кутилмаганда Словакия миллий театри бош директори ва Словакия миллий галереяси раҳбарини ишдан бўшатгани сабаб бўлган. 

Миллатчилик кайфиятидаги қарашлари билан танилган Мартина Шимковичова 2023 йил октябр ойида маданият вазири этиб тайинлангани туфайли Словакияда норозилик келиб чиқди. У «миллий словак маданиятини» сингдирмоқчи эканлигини ва «гендер манияси» кун тартиби энди «давлат томонидан молиялаштирилмаслигини» эълон қилди. Бундан ташқари, у Словакиянинг Россия Федерацияси ва Беларус билан маданий алоқа ва ҳамкорликни қайта тиклаши тўғрисида қарор имзолади, бу Россиянинг Украинага ҳужумидан кейин узилиб қолганди. 

Намойишчилар суд ислоҳотига қарши

Намойишчилар, шунингдек, иқтисодий жиноятлар учун жазони камайтирган мунозарали суд ислоҳотига қарши чиқишди. Қонунчиликка ўзгартишлар киритилиши билан қамоқ жазосини катта миқдорда жаримага алмаштириш режалаштирилган. Мухолифатнинг фикрича, ислоҳотлар Роберт Фицо томонидан тайинланган амалдорлар учун махсус жорий этилмоқда. 

Фицо 2023 йил октябр ойида ўзининг популистик «Йўналиш – социал демократия» (SMER-SD) партияси парламент сайловларида ғалаба қозонганидан сўнг учинчи марта Словакия ҳукуматини бошқара бошлади. Фицо 2006-2010 ва 2012-2018 йилларда вазирлар маҳкамасига раҳбарлик қилган. Охирги кампания давомида ва лавозимга сайланганидан кейин сиёсатчи россияпараст позицияни эгаллади ҳамда Ғарбнинг Россиянинг Украинага қарши урушидаги сиёсатини танқид қилди. 

2024 йил май ойида Роберт Фицога суиқасд уюштирилди, сиёсатчи тўртта ўқдан яраланди. Бош вазир оғир аҳволда вертолётда касалхонага етказилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид