Спорт | 16:30 / 14.08.2024
18292
8 дақиқада ўқилади

Токиодан Парижгача 3 йиллик йўл: Ўзбекистон боксда қандай қилиб 1-рақамли мамлакатга айланди?

Париж-2024 – Ўзбекистон тарихидаги энг муваффақиятли Олимпиадага айланди. 208та давлат орасида жаҳонда 13-ўрин, Осиёда 4-ўрин, туркий, мусулмон ва МДҲ давлатлари орасида 1-ўринни эгаллаган мамлакатимиз делегациясининг тарихий муваффақиятида боксчиларнинг ҳиссаси катта бўлди. Тўлқин Қиличев бош мураббийлигидаги чармқўлқоп усталари дунёнинг тенгсиз жамоасига айланишди. 

Фото: olympic.uz

Таркиб

Миллий жамоамиз Париж-2024 баҳсларида жами 11 нафар боксчи билан қатнашди. Тўлқин Қиличев мураббийлигидаги эркаклар жамоаси 7 боксчи –Ҳасанбой Дўсматов (-51 кг), Абдумалик Халоков (-57 кг), Руслан Абдуллаев (-63,5 кг), Асадхўжа Мўйдинхўжаев (-71 кг), Тўрабек Ҳабибуллаев (-80 кг), Лазизбек Мулложонов (-92 кг) ва Баҳодир Жалоловдан (+92 кг) ташкил топганди.

Элшод Расулов мураббийлигидаги аёллар жамоаси эса 4 боксчи билан йўл олганди – Сабина Бобоқулова (-50 кг), Нигина Ўктамова (-54 кг), Ситора Турдибекова (-57 кг) ва Навбаҳор Ҳамидова (-66 кг).

7та вазннинг 5тасида чемпионлик

Париждаги бокс баҳсларининг аёллар ўртасидаги жангларида вакилларимиз медалга эга чиқа олишмади, бу борада хитойлик боксчи қизлар умумжамоа ҳисобида бошқалардан устун келди. Ўзбекистон эркаклар жамоаси эса жами 7та вазннинг 5тасида рақибларига «нон қолдирмади».

-63 кг вазндаги жаҳон чемпиони Руслан Абдуллаев чоракфиналда икки раундда ҳам рақибидан устунлигини кўрсата олган бўлса-да, ҳакамлар қарорига кўра аламли тарзда турнир билан хайрлашди. -80 кг вазн тоифасидаги Тўрабек Ҳабибуллаев ҳам чоракфиналда икки карра Олимпиада чемпиони кубалик Арлен Лопесга қарши муносиб жанг ўтказиб 2:3 ҳисобида мусобақани тарк этди.

 

Қолган 5та вазнда эса Ҳасанбой Дўсматов (-51 кг), Абдумалик Халоков (-57 кг), Асадхўжа Мўйдинхўжаев (-71 кг), Лазизбек Мулложонов (-92 кг) ва Баҳодир Жалолов (+92 кг) рақибларига имконият қолдирмай, олтин медалга эга чиқди. Айниқса, «профессор» ва «Big Uzbek»нинг икки карра Олимпиада чемпионига айлангани тарихий натижага айланди. Жалоловнинг турнир давомида бирорта ҳам раундда мағлуб бўлмаган ягона боксчига айлангани таҳсинга сазовор. Шунинг ўзи ҳам Баҳодирнинг профессионал боксга ўтиш вақти етганидан дарак эди.

Ўзбекистон – бокс бўйича дунёнинг 1-рақамли мамлакати

Ҳа, ўтган йилги ЖЧ-2023 ва энди Париж-2024 Олимпиадасидан кейин ҳеч бир муболағасиз шундай дейишга ҳақлимиз. Бокс бўйича Ўзбекистон эркаклар жамоасининг 5та олтини мамлакатимизнинг ушбу спорт тури бўйича Олимпиада медаллар жамғармасида яққол пешқадамлик қилишини таъминлади. Ўзбекистон бу борада сўнгги 10-15 йилликда Олимпиадада медалларни ўзиники қилиб келган Куба, Буюк Британия, Франция, Қозоғистон сингари бокс мамлакатлари ҳукмронлигига чек қўя олди.

Бу мамлакатлар қаторига Хитой тилга олинмагани сабаби, чин юрти вакиллари ҳозиргача эркаклар ўртасидаги баҳсларда муваффақият қозона олмаяпти, аммо сўнгги йилларда ХОҚ томонидан боксда эркаклар ўртасидаги вазн тоифалар қисқартирилиб, аёллар боксига ўринлар қўшилаётгани ортидан бу мамлакат аёллар боксида пешқадамга айланиб олди ва Парижда ҳам 5 нафар вакили финалда қатнашиб, 3та олтин 2та кумуш медалига эгалик қилди. Бу эса Хитойни умумжамоа ҳисобида 2-ўринга олиб чиққан. Учликдаги Хитой Тайпейида ҳам шундай ҳолат.

Таққослаш учун, Ўзбекистон сўнгги Токио-2020 Олимпиадаси бокс баҳсларига амалдаги етакчи сифатида борган бўлса-да, умумжамоа ҳисобида Баҳодир Жалоловнинг ягона олтини билан 8-ўринни эгаллаганди. Аслида Япониядаги турнирга эркаклар жамоаси Париждагидан бир киши кўп – 8 нафар боксчи билан қатнашганди. Бироқ, Шаҳобиддин Зоиров, Миразизбек Мирзахалилов, Элнур Абдураимов, Бобо-Усмон Ботуров, Фанат Қаҳрамонов, Дилшодбек Рўзметов, Санжар Турсунов сингари боксчилар кетма-кет турнирни эрта тарк этгач, Куба 4та олтин билан умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллаган, Буюк Британия жами 6та медал билан 2-ўрин, россияликлар эса битта олтин ва жами 6та медал билан учликдан жой олганди.

Боксдаги пешқадамлик қандай қайтарилди?

Рио-2016да 10 нафар эркак боксчи билан қатнашган Ўзбекистон миллий жамоаси жами 7та – 3та олтин, 2та кумуш ва 2та бронза билан Кубани (3 олтин, 3 бронза) ортда қолдириб, ўз тарихида илк марта бокс бўйича пешқадамга айланганди. Аммо 5 йил ўтиб, Токиодаги 1та олтин ва 8-ўрин натижаси боксчиларимиз учун жиддий пасайиш эди. Боксчиларнинг коронавирус пандемиясидан кейинги натижаси ўшанда танқид қилинган, аввалги мавқени тиклаш учун зарур чораларни кўриш айтилганди.

2021 йилда Токио Олимпиадасидан кейин президент Шавкат Мирзиёев томонидан Парижда Ўзбекистон делегациясининг топ-15ликга кириш учун барча имконияти борлиги ва бундан фойдаланиш зарурлиги ҳақида гапирилгач, боксда катта ўзгаришларга қўл урилди. Ўзбекистон бокс федерацияси аввало хато ва камчиликлардан хулоса қилиб, қарийб бир йил давомида Париж-2024 учун пухта тайёргарлик режасини тузиб чиқди.

2022 йилнинг август ойида эса Ўзбекистон бокс федерацияси биринчи вице-президенти Сакен Полатов ва Ўзбекистон бокс федерацияси Бош котиби Шоҳид Тиллабоев миллий жамоанинг янги мураббийлар штабини таништириб, боксчиларни узоқ вақт давомида бошқариб келган Марат Қурбонов ўрнига Тўлқин Қиличев Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи сифатида эълон қилинганди. Маҳаллий мутахассисга юртимизнинг энг тажрибали мураббийларидан бири Раҳматжон Рўзиохуновдан ташқари, кубалик тажрибали мутахассислар штабининг ёрдамчи этиб тайинлангани бокс раҳбариятининг энг тўғри қарорларидан бири бўлди. AIBA собиқ президенти бўлган таниқли тадбиркор Ғофур Раҳимов эса профессионал бокс федерацияси биринчи ўринбосари сифатида иш бошлагани ҳам таъсирини ўтказмай қолмасди.

Ўшанда Ўзбекистон бокс федерацияси маслаҳатчиси сифатида Карлос Иван Фуэнтес Вильянуэва тайинланганди. Боксда 50 йиллик тажрибага эга бу шахс Кубада замонавий ва миллий бокс услуби асосчиларидан бири саналиб, Токио-2020да Кубани 1-ўринга олиб чиққан бош мураббий Роландо Асебалнинг устози ҳисобланарди. Карлос Иван – бугунги ютуқларнинг парда ортидаги асосчиларидан бири дейиш мумкин.

Ғалабаларда меҳнати сингган қаҳрамонлардан яна бири 2022 йилда бокс бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси катта мураббийи сифатида иш бошлаган Хуан Энрике Тиссерт саналади. У Куба, Испания, Филиппин ва Венесуэла миллий жамоаларида муваффақиятли фаолият юритган, энди эса Ўзбекистоннинг тарихий натижасида қатнашди. Шунингдек, фаолияти давомида Индонезия, Таиланд, Миср каби мамлакатларда боксни юқори поғонага олиб чиқилишида хизмат қилган ёрдамчи мураббийи Хулио Ли Хечеваррия, Куба спорт тиббиёти миллий институти мутахассиси бўлган физиотерапевт Хесус Альберто Моралес Монтеронинг ҳам Париждаги тарихий ютуқларимизда муносиб ҳиссаси бор. Кубалик бокс мутахассисларининг Ўзбекистоннинг турли нуқталарида бўлиб, қилинган катта ҳажмдаги ишлардаги иштироки самарали бўлди, дейиш мумкин.

Аслида, боксчиларнинг 2023 йил Тошкентда ўтган жаҳон чемпионатидаги иштироки ҳам Париж-2024 олдидан катта ваъдаларни бераётгандек эди. Ўзбекистон ЖЧ-2023да жами 9та медал – 5та олтин, 2тадан кумуш ва бронза билан умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллаган. Бир йил ўтиб Олимпиадада ҳам худди шундай – 5та олтин қўлга киритилди.

Албатта, давлат раҳбарининг эътибори, яратилаётган шароитлар, спортчиларнинг қўллаб-қувватланиши, мукофотлар спортдаги муваффақиятларда жуда муҳим аҳамиятга эга. Аммо шу билан бирга бокс раҳбариятининг ўтган йиллардаги самарали фаолияти, Халқаро бокс федерацияси ва Халқаро Олимпия қўмитаси ўртасидаги совуқчиликка қарамай, муносабатларда ҳар доим олтин оралиқни топиб келаётгани таҳсинга сазовор. Токио-2020даги муваффақиятсизликдан кейин ўзбек боксини янги даражага олиб чиқиб, жаҳон чемпионати ва Олимпиадада Ўзбекистонни 1-рақамли бокс мамлакатига айлантирган Тўлқин Қиличев мураббийлигидаги боксчилар билан бир қаторда, Сакен Полатов, Шоҳид Тиллабоев бошчилигидаги бокс ва МОҚ раҳбарияти ҳам бугун қарсак ва олқишларга муносиб.

Усмон Ибодов

Мавзуга оид