Жаҳон | 13:32 / 19.08.2024
1706
3 дақиқада ўқилади

Венесуэлада Николас Мадурога қарши оммавий митинглар бўлиб ўтди

Венесуэлада минглаб одамлар президентлик сайловларининг баҳсли натижаларига норозилик билдириш учун кўчаларга чиқди. Каракасдаги митингда мухолифат етакчиси Мария Корина Мачадо иштирок этди.

Фото: Jeampier Arguinzones / dpa / TASS

Венесуэлада мунозарали президентлик сайловларидан кейин минглаб одамлар намойишга чиқди. 17 август куни пойтахт Каракасда бўлиб ўтган митингда, аввалроқ ҳибсга олинишидан қўрқиб, узоқ вақт давомида мамлакатда яшириниб юрган мухолифат етакчиси Мария Корина Мачадо ҳам иштирок этди.

Мария Корина Мачадо йиғилганларга Николас Мадуронинг янги президентлик муддатига қарши «охиригача» курашишга ваъда берди ва одамларга «кўчаларни тарк этмасликлари кераклигини» айтди. Мачадо, шунингдек, Венесуэла хавфсизлик кучларини мухолифат томонига ўтишга чақирди.

Мадуро Венесуэла раҳбари этиб қайта сайланди

Венесуэлада президентлик сайловлари 28 июл куни бўлиб ўтди. Мамлакат ҳукумати назоратидаги сайлов комиссиясининг маълум қилишича, аввалроқ мамлакатга икки муддат президентлик қилган Николас Мадурони сайловчиларнинг 51,2 фоизи қўллаб-қувватлаган. Бироқ халқаро кузатувчиларга сайловларда иштирок этишига рухсат берилмаган.

Мухолифатга кўра, сайлов бюллетенлари адолатли ҳисобланганда мухолифат номзоди Гонсалес тахминан 67 фоиз овоз билан сайловда ғалаба қозониши керак эди. Мадуронинг рақиблари Венесуэла бўйлаб тўғридан тўғри сайлов участкаларидан олинган бюллетенларнинг 80 фоиздан ортиғини эълон қилди.

Сайлов натижалари эълон қилингач, Каракас ва Венесуэланинг бошқа шаҳарларида сохталаштиришга қарши намойишлар бошланди. Полиция ва ҳарбийлар намойишчиларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ ва резина ўқлардан фойдаланган. Турли манбаларга кўра, мамлакатдаги намойишлар чоғида 23-25 киши ҳалок бўлган.

ЕИ ва АҚШ Венесуэладаги сайлов натижаларини тан олмади

Қўшма Штатлар мухолифат номзоди Эдмундо Гонсалесни сайлов ғолиби деб расман эълон қилди. Давлат котиби Энтони Блинкен Венесуэла ҳукуматини «Венесуэла сайлов қонунлари ва Венесуэла халқининг хоҳиш-истакларига мувофиқ ҳокимиятни ҳурматли, тинч йўл билан ўтказиш бўйича мунозараларни бошлашга» чақирди.

Бундан ташқари, АҚШ махфий музокаралар давомида Николас Мадурога амнистия эвазига Венесуэла президенти лавозимидан ихтиёрий равишда воз кечишни таклиф қилган. Бу ҳақда The Wall Street Journal (WSJ) манбаларига таяниб хабар берди. 9 август куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Мадуро Қўшма Штатлардан «Венесуэланинг ички ишларига аралашмасликни» сўради ва агар Вашингтон унга ҳурмат кўрсатса, музокараларга очиқлигини таъкидлади.

Европа Иттифоқи сайлов протоколларини халқаро миқёсда тан олинган орган томонидан мустақил кўриб чиқишга чақирди. Брюссел Мадуронинг иккинчи муддатга қонунийлигини ҳам тан олмаган – мамлакатдаги аввалги сайловлар ҳам худди шундай сценарий бўйича ўтган, шундан сўнг унинг режими мухолифатни таъқиб қила бошлаган ва мамлакатда узоқ давом этган сиёсий инқироз бошланган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид