Жаҳон | 11:45 / 20.08.2024
1751
3 дақиқада ўқилади

Германия президенти Венгрияни ЕИ бирлигини сақлашга чақирди

Франк-Валтер Штайнмайер Венгрияга ташрифи чоғида мамлакат расмийларини Европа Иттифоқи билан бирлашишга чақирди. Шунингдек, у Киевга ёрдам кўрсатиш масалаларида умумий йўналишга риоя қилиш зарурлигини таъкидлади.

Фото: Patrick Pleul/dpa/picture alliance

Венгриянинг Шопрон шаҳрига ташриф буюрган Германия президенти Франк-Валтер Штайнмайер Будапешт ҳукуматини Европа Иттифоқида ҳамжиҳатликни сақлашга чақирди, шунингдек, Украинани қўллаб-қувватлашда Европа Иттифоқининг ягона позицияси муҳимлигини таъкидлади. 

Штайнмайер 19 август, душанба куни Венгрия президенти Тамаш Шуйок билан учрашувдан сўнг таъкидлаганидек, Венгриянинг Европа Иттифоқи кенгашига раислик қилишдаги муҳим роли «Европа Иттифоқи доирасида бирдамликни мустаҳкамлаш ва умумий келажак мавзулари бўйича конструктив қўшма ечимларни илгари суришдан иборатдир». Германия, бошқа Европа Иттифоқига аъзо давлатлар сингари Венгрия «бу ролни қабул қилади ва бажаради» деган умидда, деб таъкидлади Германия президенти. 

Шунингдек, у Киевга ёрдам кўрсатиш масалаларида умумий йўналишга риоя қилиш зарурлигини таъкидлади. «НАТО ва Европа Иттифоқи Украинани қўллаб-қувватлашда бирлашганлигига шубҳага ўрин қолдирмаслигимиз керак», - дея таъкидлади Штайнмайер. 

Россия Федерациясининг Украинага қарши кенг кўламли уруши бошланганидан бери Венгрия ҳукумати Европа Иттифоқининг умумий чизиғига зид бўлган сиёсат олиб борди. Хусусан, Венгрия бош вазири Виктор Орбан Москвада Владимир Путин билан учрашганини ўзининг «тинчликпарварлик миссияси» деб эълон қилгани Брюсселда норозилик уйғотди. Бундан ташқари, Венгрия бир неча бор Кремлга қарши санкциялар қабул қилинишига ва Европа Иттифоқининг Киевга молиявий ёрдами ажратилишига тўсқинлик қилган. 

Штайнмайернинг Венгрияга ташрифи

Франк-Валтер Штайнмайер Венгрияга «Умумевропа пикниги»нинг 35 йиллиги муносабати билан ташриф буюрди - 1989 йил 19 августда ГДРнинг 600 дан ортиқ фуқаролари Венгрия яқинидаги Австрия-Венгрия чегараси рамзий очилишидан фойдаланиб, Ғарбга қочиб чиққан. Шарқий Германия аҳолиси чиқиб кетиши ГДРнинг қулашига катта ҳисса қўшди. 

«Умид қиламанки, биз – венгерлар ҳам, немислар ҳам Шопрондаги ушбу юбилейдан умумий Европа тақдиримизни яна бир бор кўздан кечириш ва умумий Европа қадриятларимизни тасдиқлаш имконияти сифатида фойдаланамиз», деди Штайнмайер. 

Унинг қўшимча қилишича, Европа ўз эркинлиги ва бирлиги учун венгер халқига жасорати, «эркинликка бўлган муҳаббати ва Европага бўлган иштиёқи» туфайли қарздордир. «Бизга Европа учун бу иштиёқ ҳозир керак», деб таъкидлади Германия президенти. Штайнмайер Европа Иттифоқи қадриятларига зид сиёсати учун тез-тез танқид қилинадиган Виктор Орбанни тилга олмади. 

Мавзуга оид