Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украинанинг ЕИга аъзо бўлиши йўлида муҳим қадам ташланди
Европа Иттифоқи Украина ва Молдованинг ЕИга аъзо бўлиши жараёни доирасидаги биринчи музокаралар кластерини расман очишга тайёргарликни бошлади. Венгрия эса Украина бўйича ветосини бекор қилишга тайёрлигини билдирди.
Айни пайтда Европа Иттифоқи Кенгашига раислик қилаётган Кипр Украина ва Молдованинг ЕИга қўшилиши бўйича биринчи музокаралар кластерини расман очиш учун тайёргарлик ишлари бошланганини маълум қилди.
Кипр раислиги баёнотида бу қадам икки мамлакатнинг Европа интеграцияси йўлидаги муҳим босқич экани ва ЕИнинг бирдамлиги ҳамда қатъиятини намоён этиши таъкидланган.
Украина ва Европа Иттифоқи экспертлар даражасида барча музокаралар кластерларини очиш бўйича ишларини март ойидаёқ якунлаган эди. Энди мазкур жараённи расмийлаштириш масаласи муҳокама қилинмоқда.
Шу билан бирга, Венгрия бош вазири Петер Мадьяр Украинадаги венгер миллий озчилигининг тил, таълим ва маданий ҳуқуқларини кенгайтириш бўйича келишувга эришилганини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Киев ушбу мажбуриятларни Европа Иттифоқи билан ҳаракатлар режасига киритса, Венгрия Украина бўйича биринчи музокаралар босқичини қўллаб-қувватлайди.
Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен аввалроқ Украина учун музокаралар кластерларини очиш масаласи 18–19 июнь кунлари бўлиб ўтадиган Европа Кенгаши йиғилишида муҳокама қилинишини билдирган.
Мавзуга оид
09:55
Путин: Ёнилғи танқислиги Украинадаги урушга таъсир қилмайди
21:15 / 23.06.2026
Россия Украина билан «2022 йилдаги Истанбул келишувлари асосида» музокаралар олиб боришга тайёр - Путин
20:55 / 23.06.2026
Украина Қримни материк билан боғловчи кўприклардан бирини вайрон қилди
10:30 / 23.06.2026