Жаҳон | 20:39 / 21.08.2024
1418
3 дақиқада ўқилади

Ҳиндистон Глобал Жануб саммитида глобал тараққиёт шартномасини тузишга чақирди

17 август куни Ҳиндистон учинчи “Глобал жануб овози” саммитини ўтказди. Онлайн ташкил этилган анжуманда Ўзбекистон вакиллари ҳам қатнашди.

Фото: AP

“Барқарор келажак учун масъул глобал жануб” мавзусидаги халқаро саммит вазирлар даражасидаги 10 та йиғилишдан иборат бўлди. Ташқи ишлар вазирлари иштирокидаги иккита сессия, шунингдек, соғлиқни сақлаш, ёшлар, молия, савдо, ахборот технологиялари, энергетика, таълим ва атроф-муҳит масалалари бўйича сессиялар шулар жумласидан. Бу ҳақда Kun.uz'га Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси маълум қилди.

Сессияларда озиқ-овқат хавфсизлиги, соғлиқни сақлаш, энергетика, ресурслардан фойдаланиш ва демографик дивидендни амалга оширишдаги муаммолар, ишсизлик ва иқтисодий тенгсизлик билан боғлиқ масалаларни кўтарди.

Иқлим муаммолари, барқарор ривожланиш мақсадлари, сунъий интеллект, киберхавфсизлик, рақамлашувдаги тафовутни бартараф этиш мавзулари ҳам кун тартибида бўлди.

Бундан ташқари, Халқаро қуёш иттифоқи ва Глобал биоёқилғи иттифоқи каби ташаббуслар ҳам муҳокама қилинди. Делегатлар қарз юки хавотирлари ҳақида сўз юритди. Халқлар ўртасидаги, энерготизимлар ўртасидаги ўзаро боғлиқликни кучайтириш, таъминот занжирлари яратиш масалалари кўтарилди.

Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди саммитдаги нутқида “Глобал тараққиёт шартномаси”ни тузишга зарурат борлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, инсон манфаатлари, кўп ўлчамлилик ва кўп тармоқлилик – Глобал жануб ҳамкорлигининг асосий хусусиятлари бўлиши керак. Моди, шунингдек, дори воситаларининг аналоглари билан боғлиқ таъминотни яхшилаш, Глобал жануб давлатларининг бу борадаги имкониятларини кенгайтириш мақсадида дори воситалари соҳасидаги регуляторлар учун тренинглар ташкил этиш кераклигини айтди.

Саммитда Ўзбекистондан инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Шоҳрух Ғуломов ҳамда экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири ўринбосари Жусипбек Казбеков иштирок этди.

Шоҳрух Ғуломов қатнашган савдо мавзудаги сессияда глобал қиймат занжирлари, озиқ-овқат хавфсизлиги, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш ҳамда савдо учун шароитлар яратиш масалалари кўриб чиқилди. Атроф-муҳит мавзуларига бағишланган сессияда эса глобал иқлим ўзгариши, унинг оқибатларини юмшатиш, масаланинг молиявий жиҳатлари, иқлим билан боғлиқ адолат ва ривожланаётган кичик орол давлатларнинг хавотирлари муҳокама марказида бўлди.

Мавзуга оид