Жаҳон | 11:04 / 21.08.2024
16665
3 дақиқада ўқилади

Путин 16 йил ичида илк бор Бесланга ташриф буюрди

Россия президенти «Беслан оналари» билан учрашувда Беслан мактабида гаровга олиниши натижасида 136 бола ҳалок бўлганини айтди. Расмий маълумотларга кўра, 186 бола қурбон бўлган.

Фото: Сергей Карпухин/РИА Новости

Россия президенти Владимир Путин «Беслан оналари» жамоат ташкилоти вакиллари билан учрашувда 2004 йил сентябрдаги теракт пайтида ҳалок бўлган болалар сонини маълум қилди. Россия раҳбарининг сўзларига кўра, теракт 334 киши, жумладан, 136 нафар бола ҳаётига зомин бўлган. Бу рақамлар 20 август, сешанба куни Россия Федерацияси президентининг Шимолий Кавказ федерал округидаги ваколатли вакили сайтида келтирилган. 

Айни пайтда, БМТ веб-сайтида эълон қилинган расмий маълумотларга кўра, Беслан мактабидаги теракт қурбонлари сони 186 нафарни ташкил этган. 

Терактдан сўнг Путин Бесланга икки марта – 2004 йил 4 сентябр ва 2008 йилда ташриф буюрган. Давлат раҳбари бу гал гаровга олинганлар сақланган мактабга илк бор ташриф буюрди. 

«Рақиблар, душманлар, неонацизмга қарши кураш»

Путин суҳбат ўртасида тўсатдан «неонацизмга қарши кураш», Курск вилояти, Донбасс ва Новороссия, шунингдек, унинг фикрича, «мамлакатни ларзага солишга уриниш ишларини давом эттираётган айрим «мухолифлар ва душманлар» ҳақида гапирди.

Шимолий Осетиядан сўнг Россия президенти Чеченистонга учиб келиб, у ерда республика раҳбари Рамзан Қодиров билан учрашди ва Курчалоев тумани Ахмат-Юрт қишлоғида бўлди. Путин 2011 йил декабридан бери Чеченистонга бормаганди. 

Президент Гудермесдаги Россия махсус кучлари университетига келди ва у ерда жанговар ҳудудга жўнатиш учун тайёргарликдан ўтаётган кўнгиллилар билан суҳбатлашди. «Биз ҳаммамиз пиёда аскарлармиз», деди у Қодировнинг «шунчаки пиёда аскари» деган сўзларига муносабат билдираркан.

ИҲЕС: Россия расмийлари теракт тайёрланганини билган, аммо етарлича чора кўрмаган

Бесландаги 1-сонли мактабда 2004 йил 1 сентябрда террорчилар 1200 дан ортиқ кишини – мактаб ўқувчилари, уларнинг ота-оналари ва мактаб ходимларини гаровга олиб, икки кун давомида ушлаб туришган. 3 сентябр куни мактаб биносида портлаш содир бўлган, шундан сўнг хавфсизлик кучлари ҳужум бошлаган. Теракт ва ҳужумдан сўнг, расмий маълумотларга кўра, 334 киши ҳалок бўлган. 

2017 йил апрелида Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди (ИҲЕС) теракт оқибатида ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганларнинг яқинларига 2,955 миллион евро тўлаш тўғрисида қарор чиқарди. ИҲЕС расмийлар ҳужумга тайёргарлик ҳақида маълумотга эга бўлган, аммо хавфни минималлаштириш учун етарли чоралар кўрмаган, деган хулосага келди. 

Шу йилнинг март ойида Россияда Бесландан кейинги энг йирик теракт содир бўлди - Москва яқинидаги «Крокус Сити Холл»да. Ҳужум ортида ИШИД террорчилик ташкилотининг Афғонистондаги бўлими ҳисобланган «Вилояти Хуросон» гуруҳи тургани айтилмоқда. 

Мавзуга оид