Россиянинг захира кучлари ҳарбий ҳаракатлар ҳудудига етиб келганига қарамай, Украинанинг Курск областидаги юриши давом этмоқда. Украина қуролли кучлари чегара бўйлаб плацдармни кенгайтиришга ҳамда бир вақтнинг ўзида РФ ҳудуди ичкарисига кириб боришга уринмоқда. Бу вақтда эса РФ қуролли кучлари Донецк областида — Покровск шаҳри жанубида ва Торецк агломерациясида украин мудофаасини ёриб ўтган. Россиянинг юриши Украинанинг Курск областидаги ҳужумидан кейин тўхташ ўрнига сезиларли даражада кучайган.

Курск области

Курск областидаги энг шиддатли жанглар Суджа — Курск (Мартиновка қишлоғи ҳудудида), Суджа — Лгов трассаларида ҳамда Коренево райони марказида олиб борилмоқда, бу район маркази Украина қуролли кучларининг ғарб томон Рилск йўналишида ҳаракатланишини тўсиб турибди.

Украина қуролли кучлари Кореневони жанубдан ва шимолдан айланиб ўтишга ҳаракат қилмоқда. Жанубда украин кучлари камида Снагост қишлоғининг бир қисмини эгаллаб олган, шунингдек Комаровкага кирган. Шимолда — Олговка эгалланган, бу ердан Коренево — Лгов темирйўли бўйлаб шимолга юрилган. Ҳамон Коренево ҳудудида аниқ фронт чизиғи йўқ, Россия қўшини пистирмалардан туриб ҳаракатланмоқда, шунингдек дронлар зарбалари билан украинларнинг мобил гуруҳларини тўхтатишга ҳаракат қилмоқда.

  • Украина қуролли кучлари Кореневодан жанубда, чегара ва Сейм дарёси ўртасида жойлашган ҳудудни иҳодалаш ҳаракатларини давом эттирмоқда. Украина авиацияси ва ракета қўшинлари мазкур ҳудудда Сейм устидан ўтган учта кўприкни ҳам йўқ қилган; россияликларнинг муҳандислик бўлинмалари понтон ўтиш йўлларини ўрнатишган; аммо ўз навбатида, улар ҳам бомбардимон қилинган. Катта эҳтимол билан ҳаво амалиётининг мақсади — Россия қўшинлари Глушково райони марказида тўпланишига йўл қўймаслик ҳисобланади, акс ҳолда бу ердан Украина қуролли кучларининг чегара бўйлаб жойлашган Коренево гуруҳи қаноти ва фронт ортига зарба берилиши мумкин.
  • Кореневодан шимоли-шарқда украин қўшини Каучук посёлкасини ушлаб қолиш ҳамда ҳаракатланиш қийин бўлган ҳудудлар бўйлаб Суджа — Лгов трассаси бўйидаги Кромские Бики посёлкасига етиб боришга муваффақ бўла олмади. Трассанинг ўзини россияликлар жануброқда — Малая Локняда ўрнатилган тўсиқлар билан ҳимоя қилмоқда.
  • Украина қуролли кучлари Суджадан шимолроқда, Мартиновка посёлкасида ва Суджа — Курск трассасида россияликлар мудофаасини ёриб ўтишга ҳаракат қилмоқда. Катта эҳтимол билан, Мартиновка бир неча бор қўлдан қўлга ўтган; трассадан ғарбда Украина қуролли кучларининг мобил гуруҳлари Русский Поречний ва Нечаевда тўхтатилган; трассадан шарқда — Русская Конопелка учун оғир жанглар кетмоқда, аммо барибир украинлар Мартиновкани шарқдан айланиб ўтишган.