Жаҳон | 19:59 / 26.08.2024
1941
3 дақиқада ўқилади

Австралияда ходимларга ишдан кейин раҳбарларнинг қўнғироқларига жавоб бермаслик ҳуқуқини берувчи қонун кучга кирди

Энди иш берувчи иш вақтидан ташқари қўнғироқ ва электрон почта хабарларига жавоб бермаган ходимларини жазолай олмайди

Фото: Reuters

Австралияда ходимлар энди иш вақтидан кейин иш берувчининг хабар ва қўнғироқларига жавоб бермаслиги мумкин. Янги қонун 26 август куни кучга кирди.

Унга кўра, ходимлар дам олиш вақтида раҳбариятнинг ишга оид хабарларини эътиборсиз қолдирса, жазоланишдан қўрқмаса ҳам бўлади.

“Узилиш ҳуқуқи” номли қонун Меҳнат кодексига киритилган тузатишларнинг бир қисми бўлиб, у Австралия сенаторлари, меҳнат вазири Тони Берк, шунингдек, Касаба уюшмалари кенгаши томонидан қўллаб-қувватланди. Тарафдорларнинг фикрича, қонун “ходимларга иш вақтидан ташқари асоссиз мулоқотдан воз кечишга имкон беради ва work-лифе balance тамойилига риоя этилишини таъминлайди”.

Иш ва дам олиш ўртасидаги мувозанат, айниқса, COVID-19 пандемиясидан буён бузилган. Бунга кўпчилик уйдан ишлашга ўтгани сабаб бўлган.

“Рақамли технологияларга ўтишимиздан олдин ҳеч қандай аралашув йўқ эди, одамлар смена охирида уйга кетиб, эртасига ишхонага қайтмагунича улардан дарак бўлмасди”, - деди Свинберн технология университети доценти Жон Хопкинс.

“Энди бўлса бутун дунёда иш соатларидан ташқарида, ҳатто таътилда ҳам электрон почта, SMS, телефон қўнғироқлари безовта қилиши одатий ҳолга айланди”.

Австралия институти томонидан 2023 йилда ўтказилган сўров натижаларига кўра, австралияликлар 2023 йилда иш вақтидан ташқари ўртача 281 соат кўпроқ ишлаган, аммо қўшимча ҳақ олмаган. Улар ўз меҳнатларининг пул қийматини 130 миллиард Австралия долларига (88 миллиард доллар) тенг дея баҳолашди.

BBC таъкидлашича, қонун иш берувчига ишдан ташқари вақтда ходимлар билан боғланишни тақиқламайди, лекин ходимга қўнғироқлар ва хабарларга жавоб бермаслик ҳуқуқини беради. Ҳужжатга кўра, иш берувчи ва ходим келишмовчиликларни ўзаро ҳал қилиб олиши керак. Агар бунинг иложи бўлмаса, адолатли меҳнат муносабатлари бўйича комиссия (ФWC) вазиятга аралашади.

Ҳолатни ўрганган FWC иш берувчидан ишдан ташқари вақтда ходимни тинч қўйишини талаб қилиши ёки ходимнинг хабарларга жавоб беришдан бош тортишини “асоссиз” деб топиши мумкин.

FWC буйруқларини бажармаган ходим 19 минг Австралия доллари (12 минг доллардан ортиқ), компания эса 94 минг Австралия доллари (63 минг доллардан ортиқ) миқдорида жаримага тортилиши мумкин.

Австралияда жорий этилган қонун дунёнинг йигирмага яқин давлатида, асосан, Европа ва Лотин Америкаси мамлакатларида мавжуд. Масалан, Францияда Pioner France компанияси 2017 йилда ушбу қонунни татбиқ қилди, бир йил ўтгач, зараркунандаларга қарши кураш бўйича Rentokil Initial фирмасини ходимдан ҳар доим телефонини ёқиб юришни талаб қилгани учун 60 000 евро (66,7 минг доллар) миқдорида жаримага тортди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид