Жаҳон | 22:45 / 26.08.2024
6488
2 дақиқада ўқилади

Францияда Павел Дуров 12 та жиноятда айбланмоқда – ОАВ

Жиноятлар орасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг талабига биноан терговни ўтказиш ва ундан фойдаланиш учун зарур бўлган маълумотлар ёки ҳужжатларни тақдим этишдан бош тортиш ҳам бор.

Фото: Instagram

Франция прокуратураси Telegram асосчиси Павел Дуровни 12 та жиноятда айбламоқда. Бу ҳақда прокуратура пресс-релизи билан танишган «Новая газета Европа» хабар берди.

Хусусан, унга қуйидаги айбловлар қўйилган:

- уюшган гуруҳларнинг ноқонуний операцияларини амалга ошириш учун онлайн-платформани бошқаришда иштирок этиш;

- ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг талабига биноан терговни ўтказиш ва ундан фойдаланиш учун зарур бўлган маълумотлар ёки ҳужжатларни тақдим этишдан бош тортиш;

- вояга етмаганлар порнографик контентини сақлашда иштирок этиш;

- вояга етмаганларнинг порнографик тасвирларини уюшган гуруҳ томонидан тарқатишда иштирок этиш;

- гиёҳванд моддаларни тарқатишда иштирок этиш;

- ҳакерлик ҳужумлари билан боғлиқ кибержиноятларга шериклик;

- уюшган жиноий гуруҳларнинг фирибгарлик фаолиятига шериклик;

- камида беш йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланадиган жиноятларни содир этиш мақсадида уюшган гуруҳ тузиш;

- уюшган жиноий гуруҳ фаолиятидан олинган пул маблағларини легаллаштириш;

- мажбурий декларацияларсиз, махфийликни таъминлашга қаратилган криптографик хизматларни тақдим этиш;

- махфийликни таъминлаш учун зарур бўлганидан ташқари криптография воситаларини ноқонуний тақдим этиш;

- махфийликни таъминлаш учун зарур бўлганидан ташқари криптографик воситаларни ноқонуний импорт қилиш.

Қайд қилинишича, Дуровга нисбатан тергов 8 июлда бошланган. У 28 августгача ҳибсда қолади, шундан сўнг, прокуратура унга нисбатан айблов эълон қилиши ёки озод этиши шарт.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид