Жаҳон | 18:42 / 27.08.2024
1733
3 дақиқада ўқилади

Австралия халқаро талабаларни қабул қилишга чеклов киритади

Шу йўл билан ҳукумат миграция муаммоларини ҳал қилмоқчи, аммо олий таълим муассасалари чекловлар халқаро таълим секторига зарар келтиришини таъкидламоқда.

Фото: Getty Images

Австралия умумий миграция даражасини пандемиядан олдинги даражага тушириш учун халқаро талабаларни қабул қилишга чеклов киритади, деб хабар бермоқда BBC.

Мамлакат халқаро талабаларни ўқитишда етакчи ўринларда туради, аммо 2025 йилда янги талабалар сони 270 минг билан чегараланади.

27 август куни ҳукумат ҳар бир олий таълим муассасасига индивидуал чекловлар жорий этилишини эълон қилди. Энг катта қисқартиришлар касбий таълим ва ўқитиш соҳаларига таъсир қилади.

Бу ўзгариш олий таълимда норозилик уйғотди, баъзи университетлар буни “иқтисодий вандализм” деб атамоқда, баъзилари эса янги чора сифатни яхшилаб, таълим секторининг “умрини узайтиришини” таъкидламоқда.

Ҳукуматнинг сўнгги маълумотларига кўра, 2024 йилда Австралияда тахминан 717 500 нафар халқаро талаба таҳсил олмоқда.

Таълим вазири Жейсон Клэр пандемия даврида олий таълим катта зарба олганини тан олди, чунки Австралия халқаро талабаларни уйига жўнатиб юборган ва чегарада қаттиқ назорат ўрнатганди. Шу билан бирга, вазир университетлардаги хорижлик талабалар сони ҳозирда COVID-19 дан олдинги даврга нисбатан 10 фоизга, хусусий касб-ҳунар таълими ва ўқув юртларида талабалар сони эса 50 фоизга ошганини таъкидлади.

“Талабалар билан бирга дайдилар ҳам қайтишди — одамлар бу соҳадан тез пул ишлаш мақсадида фойдаланишга уринмоқда”, — деди Клер.

Аввалроқ ҳукумат айрим таълим муассасаларини “ахлоққа зид” хатти-ҳаракатларда, жумладан, тилни билмаган талабаларни ўқишга қабул қилишда, сифатсиз таълим ёки тайёрлов курсларини таклиф қилишда, ўқишдан кўра ишлаш ниятида бўлган одамларни олишда айблаганди.

Клэрнинг сўзларига кўра, чекловлар Австралиянинг уй-жой ва инфратузилма муаммоларини кучайтираётган рекорд даражадаги миграцияни ҳам ҳал қилишга ёрдам беради.

Ҳукумат халқаро талабалар учун инглиз тилини билишга талабни кучайтириш, визага даъвогарларни қаттиқ текшириш, сифатсиз хизмат кўрсатадиган муассасаларни жазолаш ҳақида эълон қилди.

“2025 йилда давлат университетларида талабалар сони 145 минг нафарга тушади, бу 2023 йилги кўрсаткичга деярли тенг”, — деди Клэр.

Хусусий университетлар ва университет ҳисобланмайдиган олий ўқув юртлари 30 мингта янги халқаро талабаларни қабул қила олади, касб-ҳунар таълими муассасалари эса 95 мингта билан чегараланади.

Клэрнинг қўшимча қилишича, янги сиёсатга мувофиқ университетлар халқаро талабалар учун кўпроқ турар жой қуришга ҳам рағбатлантирилади.

Ўз навбатида олий таълим муассасалари бу чекловлар халқаро таълим секторига зарар келтиришини таъкидламоқда. 2022–23 йилларда халқаро таълим Австралия иқтисодиётига 36,4 миллиард Австралия доллари ( 24,7 миллион АҚШ доллари) миқдорида ҳисса қўшганди ва мамлакат ўша йили экспорт бўйича тўртинчи ўринни эгаллаган.

Тахминларга кўра, қисқартиришлар Австралия иқтисодига 4,1 миллиард долларга тушиши ва 2025 йилда 22 мингга яқин иш ўринларининг йўқолишига олиб келиши мумкин.

Клэр эса бундай хавотирларни рад этмоқда.

Асрор Абдуназаров
Тайёрлаган Асрор Абдуназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид