Жаҳон | 22:14 / 27.08.2024
11513
4 дақиқада ўқилади

Путиннинг “қадрдон дўсти” Киевда. Моди ва Зеленский учрашуви қандай ўтди?

Ҳиндистон бош вазири мустақил Украина тарихида илк марта ушбу мамлакатга ташриф буюрди. Kun.uz бу ташриф ва Деҳлининг Украинадаги уруш билан боғлиқ геосиёсий жараёнларга муносабати ҳақидаги саволлар билан сиёсий фанлар бўйича фалсафа докторлари Мухтор Назиров ва Жаҳонгир Акрамовга мурожаат қилди.

Мухтор Назиров суҳбат аввалида Украина томонидан июн ойида ўтказилган тинчлик саммитини ёдга олди. Саммит якунида қўшма коммюнике қабул қилиниши билан, расмий Киев тинчлик ўрнатиш ва муаммони ҳал этиш борасидаги ўз нуқтайи назарини уни қўлловчи давлатларга тасдиқлатиб олганди. Саммитда Ҳиндистон ҳам иштирок этган бўлса-да, коммюникени имзоламаган эди – Деҳли бу жараёнга иккинчи томон, яъни Россия ҳам жалб этилиши кераклигини билдирганди. Шундан кейин июл ойида Нарендра Моди Москвада бўлди. У Киевга ташрифи давомида Владимир Путиннинг уруш борасидаги позициясини Володимир Зеленскийга етказган.

“Ташрифнинг уруш билан боғлиқ жиҳатлари кўп бўлса ҳам, буни Ҳиндистоннинг ўз манфаатлари контекстида кўриш керак. Бу – Ҳиндистоннинг жаҳонда шаклланиб келаётган мавқейи, иқтисодий-сиёсий манфаатлари, Хитой билан геосиёсий рақобати билан боғлиқ”, – дейди Назиров.

Жаҳонгир Акрамовнинг сўзларига кўра, сўнгги ўн йилликларда Ҳиндистоннинг жаҳондаги нуфузи кўтарилиб боряпти. Мамлакат ЯИМ кўрсаткичи бўйича дунёда 5-ўринда туради, ўтган йили Буюк Британияни қувиб ўтди. Нарендра Моди Ҳиндистоннинг иқтисодий имкониятлари сиёсий ва ҳарбий нуфузида ҳам ўз аксини топишига ҳаракат қилмоқда. Унинг яқинда бўлиб ўтган сайловдаги ваъдаларидан бири – Ҳиндистонни дунёдаги учинчи рақамли иқтисодиётга айлантириш.

“Украинага ташрифни, биринчи ўринда, Ҳиндистоннинг стратегик мустақил давлат эканини кўрсатиш учун қилинган ўзига хос дипломатик қадам деб баҳолаш мумкин. Моди ўтган ой Москвага ташрифи вақтида Путинни “қадрдон дўстим” деб атаганди, бу эса Ғарб ва украин матбуотида жиддий танқид қилинганди. Зеленский “дунёнинг энг катта демократияси етакчиси халқаро қидирувдаги шахс билан қучоқлашиб турибди” деган маънода пост ёзганди. Моди ҳукумати тўғри қарор қабул қилди дейиш мумкин: Украинага ҳам бориш орқали, мамлакатнинг стратегик мустақиллигини кўрсатиш билан бирга, Ҳиндистоннинг тинчлик тарафдори сифатидаги имижини кучайтириш ҳам мақсад қилинган.

Учинчидан, Ҳиндистон бу борада Хитой билан ўзига яраша дипломатик устунликка эришмоқчи. Чунки Хитой раиси ўтган йили Москвага ташриф буюрганидан кейин, Ҳиндистон бош вазирининг ҳам Москвага, ҳам Киевга бориши бу унинг дипломатик устунлиги сифатида қабул қилиниши мумкин.

Яна бир омил – ички омил. Ҳиндистонда бир неча йил давом этиб, шу йил июн ойида якунланган сайловларда Модининг “Бҳарата Жаната” партияси нисбатан камроқ – 44 фоиз овоз олиб, коалиция кучлари ёрдами билангина ҳокимиятини сақлаб қола олди. Унинг асосий рақиби бўлмиш “Ҳиндистон миллий конгресси”нинг нуфузи анча ошди, бу партия демократик қадриятларга содиқлигини урғулайди. Нарендра Моди эса халқаро майдондаги ташаббуслар орқали мамлакат ичкарисидаги рейтингини кўтаришни ҳам мақсад қилган, дейишимиз мумкин”, – дейди Акрамов.

Суҳбат давомида экспертлар Киевдаги музокаралардан кейин жиддий янгилик деб қараш мумкин бўлган баёнотлар янграмаганини таъкидлаб, ушбу контекстда Ҳиндистоннинг Ғарб билан муносабатлари, бу уруш ортидан Ҳиндистон ва Россия ўртасидаги савдо ҳажми кескин ошгани, РФ борган сари Хитойнинг иқтисодий таъсири остида қолаётгани Деҳлининг манфаатларига хизмат қилмаслиги ва бошқа жиҳатлар ҳақида сўз юритди. Суҳбат билан тўлиқ ҳолда видео орқали танишишингиз мумкин.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Муаллиф Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид