Иқтисодиёт | 08:50
894
2 дақиқада ўқилади

2026–2027 йилларда энг тез ўсадиган иқтисодиётлар маълум қилинди

Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) прогнозига кўра, 2026–2027 йилларда ҳам Ҳиндистон дунёдаги энг тез ўсадиган йирик иқтисодиёт мақомини сақлаб қолади. Индонезия иккинчи, Хитой эса учинчи ўринни эгаллаши кутилмоқда.

ИҲТТ маълумотларига кўра, жаҳон ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) 2026 йилда 2,8 фоизга, 2027 йилда эса 3,1 фоизга ўсиши прогноз қилинмоқда. G20 давлатлари иқтисодиёти эса ҳар икки йилда ҳам ўртача 3 фоизлик ўсишни намоён қилиши кутилмоқда.

Ташкилот прогнозига кўра, Ҳиндистон энг юқори иқтисодий ўсиш суръатини сақлаб қолади. Агар 2025 йилда мамлакат ЯИМ 7,6 фоизга ўсган бўлса, 2026 йилда бу кўрсаткич 6,3 фоиз, 2027 йилда эса 6,4 фоизни ташкил этиши кутилмоқда.

Индонезия иқтисодиёти ҳам барқарор ўсишни давом эттиради. 2025 йилда ЯИМ 5,1 фоизга ошган бўлса, ИҲТТ мамлакатнинг 2026–2027 йилларда ҳам ўсиш суръати бўйича иккинчи ўринни сақлаб қолишини прогноз қилмоқда.

Хитой иқтисодиёти ҳам ўсишда давом этади, аммо суръат бироз секинлашиши мумкин. 2025 йилда ЯИМ 5 фоизга ўсган бўлса, 2026 йилда 4,5 фоиз, 2027 йилда эса 4,3 фоизлик ўсиш кутилмоқда.

ИҲТТ таҳлилчиларига кўра, аксарият мамлакатларда 2026 йилда иқтисодий ўсиш суръати бироз пасаяди. Бундан истисно сифатида Жанубий Корея қайд этилган. Мамлакат иқтисодиёти 2025 йилда 1 фоизга ўсган бўлса, яримўтказгичлар (чиплар) саноатидаги юқори талаб ҳисобига 2026 йилда ўсиш 2,6 фоизга етиши мумкин.

Россия иқтисодиёти ҳам ўсишни давом эттиради, бироқ нисбатан паст суръатларда. ИҲТТ ҳисоб-китобларига кўра, мамлакат ЯИМ 2025 йилда тахминан 1 фоизга ошган. 2026 йилда ўсиш 0,5 фоиз, 2027 йилда эса 0,8 фоиз бўлиши кутилмоқда.

Мутахассислар фикрича, келгуси икки йилда жаҳон иқтисодиётида ўсиш сақланиб қолади, бироқ мамлакатлар ўртасидаги суръатлар сезиларли даражада фарқ қилиши мумкин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид