Жаҳон | 23:27 / 28.08.2024
9392
2 дақиқада ўқилади

Намибияда қурғоқчилик туфайли 700 дан ортиқ ёввойи ҳайвон ўлдирилади

Атроф-муҳит, қишлоқ хўжалиги ва туризм вазирлигининг маълум қилишича, ўлдирилиши кутилаётган ҳайвонлар орасида 83 та фил, шунингдек, бегемот, буйвол, антилопа ва зебралар ҳам бор.

Фото: AP

Намибия 700 дан ортиқ ёввойи ҳайвонларни, жумладан, филлар, зебралар ва бегемотларни ўлдиришни ҳамда уларнинг гўштини озиқ-овқат тақчиллигидан азият чекаётган одамларга тарқатишни режалаштирмоқда, чунки мамлакат охирги 100 йилликдаги энг кучли қурғоқчилик билан курашмоқда, деб хабар беради CNN.

Намибия Атроф-муҳит, қишлоқ хўжалиги ва туризм вазирлигининг маълум қилишича, ўлдирилиши кутилаётган ҳайвонлар орасида 83 та фил, 30 та бегемот, 60 та буйвол, 50 та антилопа, 100 кўк гну (Жанубий Африка кийиги) ва 300 та зебра бор.

Вазирликка кўра, «ёввойи ҳайвонлар сони барқарор» бўлган миллий боғлар ва жамоат жойларидан олиб келинадиган мазкур жонзотлар профессионал овчилар томонидан отилади. Бундан мақсад жануби-ғарбий Африкадаги ушбу давлат аҳолисига қурғоқчилик оқибатларини юмшатишда ёрдам беришдан иборат.

Фото: AP

Намибияда қурғоқчилик туфайли май ойида фавқулодда ҳолат эълон қилинган эди. Мамлакат аҳолисининг қарийб ярми — 1,4 миллион фуқаро озиқ-овқат етишмовчилигини бошдан ўтказмоқда.

Атроф-муҳит вазирлигининг қайд этилишича, ҳайвонларни овлаш дастури ёввойи ҳайвонлар кўп бўлган ҳудудлардаги сув ресурслари юкламасини камайтиришга ҳам хизмат қилади. Шунингдек, бу қурғоқчилик вақтида одамлар ва филлар ўртасида юзага келадиган тўқнашувлар эҳтимолини камайтиради.

Таъкидланишича, ҳозирга қадар 150 дан ортиқ ҳайвон ўлдирилган бўлиб, улардан 125 минг фунт гўшт олинган. «Биз мамлакатга жуда оғир вақтда ёрдам бераётганимиздан хурсандмиз», — дейилади вазирлик баёнотида.

Мавзуга оид