Жаҳон | 22:14 / 25.11.2025
5701
2 дақиқада ўқилади

Адолф Ҳитлер Намибиядаги сайловда бешинчи марта иштирок этади

Намибияда маҳаллий сиёсатчи Адолф Ҳитлер яна сайловда иштирок этадиган бўлди. Унинг ғалати исми доимий равишда жаҳон матбуоти эътиборини тортади.

Фото: Facebook

Германиянинг собиқ мустамлакаси бўлган Намибияда навбатдаги ҳудудий сайловларга тайёргарлик кўрилмоқда ва номзодлардан бири доимий равишда жаҳон оммавий ахборот воситаларининг эътиборини тортмоқда. Гап ҳукмрон SWAPO партиясидан Омпунжа округининг амалдаги вакили – Адолф Ҳитлер Уунона ҳақида кетмоқда.

Уунона муваффақиятли ва машҳур маҳаллий сиёсатчи бўлиб, биринчи марта 2004 йилда сайланган. Унинг бешинчи марта ўз лавозимига номзодини қўйиш ҳақидаги қарори намибияликлар учун оддий янгилик бўлса-да, мамлакат ташқарисида доимий равишда ҳайрат ва қизиқиш уйғотади.

Уунона сўзларига кўра, унинг отаси, эҳтимол, ўғлига исм қўйиш пайтида «Адолф Ҳитлер ким бўлганини яхши англамаган». У ўз шахсий дунёқараши нацизм ғоясига бутунлай зид эканини таъкидлайди.

«Мен жаҳон ҳукмронлигига интилмайман. Мен фақат ўз халқим учун ишлашни хоҳлайман», деди Уунона интервьюларидан бирида.

Намибия (илгари – Германиянинг Жануби-Ғарбий Африкаси) 1884 йилдан 1915 йилгача давом этган Германия мустамлакачилик бошқаруви изларини ҳали ҳам сақлаб турибди. Немис исмлари ва фамилиялари бу ерда камёб эмас ва баъзи ҳолларда бу шундай тарихий тасодифларга олиб келади.

Жаҳон миқёсидаги шов-шувга қарамай, маҳаллий даражада сиёсатчининг ғалати исми унга кенг қўллаб-қувватланишга эга бўлишга тўсқинлик қилмайди. Омпунджа округидаги сайловчилар унинг фаолиятини тарихий шахс билан мос келган исмига қараб эмас, балки аниқ ютуқларига қараб баҳолайди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид