Таълим | 09:16
465
3 дақиқада ўқилади

Президент таълим тизими бўйича янги мақсадларни белгилади

Президент Шавкат Мирзиёев халқаро таълим стандартлари асосида кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган таклифлар билан танишди. Унга кўра, 2030 йилга қадар бир қатор олийгоҳларни дунёнинг энг яхши университетлари қаторига киритиш, интеграциялашган таълим дастурларини кенгайтириш ва Тошкентда халқаро университетлар шаҳарчасини ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

10 июл куни президент Шавкат Мирзиёевга халқаро таълим стандартлари асосида ўрта махсус, касбий ва олий таълим дастурларини жорий этиш, нуфузли хорижий университетлар билан академик ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган таклифлар тақдим этилди.

Тақдимотда сўнгги саккиз йилда олий таълим тизимида амалга оширилган ислоҳотлар натижалари ҳам қайд этилди. Хусусан, олий таълим билан қамров даражаси 9 фоиздан 44 фоизгача ошган, талабалар сони эса 270 минг нафардан 1,7 миллион нафарга етган. Шунингдек, 643 та техникумнинг 100 тасида Германия, Буюк Британия, Швейцария, Хитой ва Жанубий Кореянинг илғор касбий таълим дастурлари жорий этилмоқда.

Президентга кўра, таълим сифатини янада ошириш, миллий олийгоҳларнинг халқаро рақобатбардошлигини кучайтириш ва битирувчиларнинг глобал меҳнат бозоридаги имкониятларини кенгайтириш устувор вазифалардан бири ҳисобланади.

Шу мақсадда 2030 йилга қадар камида 5 та олий таълим муассасасини умумий рейтинг бўйича, яна 10 тасини фан йўналишлари кесимида дунёнинг топ-500 университетлари қаторига киритиш режалаштирилган. Шунингдек, 100 та таълим дастурини халқаро аккредитациядан ўтказиш ва 150 та техникумда халқаро таълим дастурларини йўлга қўйиш кўзда тутилган.

Тақдимотда интеграциялашган таълим дастурларини кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди. Янги ёндашувга кўра, талабалар «1+3», «2+2», «3+1» каби моделлар асосида ўқишнинг бир қисмини Ўзбекистонда, қолганини эса хорижий ҳамкор университетларда давом эттириши мумкин бўлади. Бу эса хорижда таълим олиш ва яшаш харажатларини бир неча баробарга қисқартириш имконини беради.

Шунингдек, Тошкент архитектура-қурилиш университети таркибида Интеграциялашган дастурлар олий мактабини ташкил этиш, кейинчалик унда Буюк Британиянинг Нортумбрия ва Ҳартфордшир университетлари, шунингдек, бошқа нуфузли хорижий олийгоҳлар дастурларини жорий этиш таклиф қилинди.

Тақдимотда яна бир муҳим ташаббус — Тошкент халқаро университетлар шаҳарчасини ташкил этиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Унда дунёнинг етакчи университетлари филиалларини жалб қилиш, замонавий кампуслар ва талабалар турар жойларини барпо этиш, хорижий олийгоҳлар учун лицензиялаш тартибини соддалаштириш ҳамда грант ва солиқ имтиёзларини жорий этиш режалаштирилган.

Якунда президент таклифларни маъқуллаб, интеграциялашган таълим дастурларини босқичма-босқич кенгайтириш, уларнинг сифатини халқаро талаблар асосида таъминлаш ва нуфузли хорижий университетлар билан узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантириш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид