Одамлар қурбон бўлишига, уларнинг соғлиғига ёки атроф табиий муҳитга зарар етишига олиб келиши мумкин бўлган саноат ва транспортдаги авариялар, ёнғинлар ва портлашлар, кучли таъсир этувчи заҳарли, кимёвий, радиоактив ва хавфли биологик моддаларнинг тарқалиши – техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардир.
Ўзбекистонда ҳар йили бир неча юз одам табиий ва техноген офатлар туфайли ҳалок бўлади. Масалан, статистик маълумотларга кўра, 2022 йилда содир бўлган табиий ва техноген хусусиятдаги фавқулодда вазиятлар 131 тани ташкил этган. Оқибатда 287 киши ҳалок бўлган, 297 киши жабрланган.
Техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг асосий қисмини ёнғинлар ва портлашлар ташкил қилади. Кейинги йилларда содир бўлган йирик техноген хусусиятдаги фавқулодда вазиятлар сифатида Сардоба сув омборининг ўпирилиши, Янги-Ангрен иссиқлик электр станцияси, Деновдаги савдо мажмуаси ва Сергелидаги омборда кузатилган портлашларни айтиш мумкин.
Бироқ 2024 йил 1 сентябр куни Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида содир бўлган техноген офат кимёвий жиҳати туфайли фарқли ва жиддийдир. Айниқса, ҳодиса жойи – “Мустақилликнинг 25 йиллиги” кони аҳоли пунктларига анча яқин экани мамлакатнинг бундай офатга нисбатан тайёргарлик даражасини синовдан ўтказади.
Шу сабабли, ҳолат содир бўлган кундаёқ Ўзбекистон президенти топшириғига асосан, бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов, фавқулодда вазиятлар вазири Абдулла Қўлдошев, энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худояров, Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқарув раиси Баҳодиржон Сидиқов ҳодиса жойига етиб борди. У ерда барча тегишли вазирлик ва ташкилотларни жалб этган ҳолда, тезкор штаб ташкил қилинган.
Водород сулфид нега хавфли?
“Мустақилликнинг 25 йиллиги” конида технологик жараён бузилиши сабабли ҳавога олтингугурт, яъни водород сулфид гази чиқиши кузатилган. Шу сабабли, кон яқинидаги фуқаролар эвакуация қилинган.
Водород сулфид – бевосита асаб тизимига таъсир қилувчи заҳарли газ ҳисобланади. У ҳид билиш нервини фалаж қилиш хусусиятига эга, бунинг оқибатида одам бу газнинг ҳидини сезмай қолади. Бу, кўпинча, токсик манба билан алоқани ўз вақтида аниқлаш ва тўхтатиш қобилияти йўқлиги туфайли кучли заҳарланишга олиб келади. Кам миқдордаги водород сулфиди бўлган ҳаводан нафас олиш бош айланиши, бош оғриғи, кўнгил айниши, қайт қилишга, юқори концентрация эса кома, тутқаноқ, ўпка шиши ва ўлимга олиб келиши мумкин.















