Жаҳон | 20:46 / 05.09.2024
17034
3 дақиқада ўқилади

Путин Павел Дуровнинг Парижда ҳибсга олинишига муносабат билдирди

Россия президенти узоқ йиллар олдин Дуров билан Москвада учрашганини айтиб, унга нисбатан ҳеч қанақа эътирози бўлмаганини таъкидлади.

Фото: РИА Новости

Россия президенти Владимир Путин Шарқий иқтисодий форумдаги чиқиши давомида Telegram асосчиси Павел Дуровнинг Парижда ҳибсга олинишига муносабат билдирди.

«Мен узоқ йиллар олдин Москвада Дуров билан бир маротаба учрашганман. У шунчаки режалари ҳақида гапирганди. Мен бизнес вакиллари билан мунтазам учрашиб келаман, бу ҳам Кремлдаги шундай учрашувдан бири эди. Шундан буён биз кўришмадик, у билан ҳеч қанақа алоқа ўрнатмадик, Бокуда нима учун учрашишимиз керак — унча яхши тушунмайман, мен ҳатто у ўша ерда эканини билганим ҳам йўқ… Биз ўзимизни бизнесдан тўсиб қўймаймиз, шу боис унда қандайдир хоҳиш бўлса, мен билан Москвада учрашиши мумкин эди, бу ҳақида ҳам ҳеч нарса билмайман. Аммо мен у Москвада яшашидан келиб чиққандим.

Бизда унга нисбатан ҳеч қанақа эътироз бўлмаган, бироқ биламанки, кўплаб давлатларнинг платформа қандайдир усулда, кимлардир, қанақадир тузилмалар томонидан иқтисодиёт ёки хавфсизлик соҳасига зарар етказиши мумкинлиги борасида эътирозлари бўлган. Ўйлайманки, Россия ҳукуматида ҳам унга қандайдир саволлар бўлиши мумкин эди, аммо бу борада шу турдаги платформаларнинг барчаси айбдор-ку. Агар Дуров билан шундай йўл тутишса, унда бошқаларни ҳам ёпиш керак: ҳибсга олиш ёки уй қамоғига жўнатиш лозим», — дейди Россия президенти.

Путиннинг сўзларига кўра, Парижнинг Павел Дуровга нисбатан ҳаракати «у қадар тушунарли эмас» ва улар «танлаш характерига эга».

Telegram асосчиси Павел Дуров 24 август куни Париж аэропортида қўлга олинган эди. Прокуратура унга нисбатан ваколатли органлар билан ҳамкорлик қилишдан бош тортиш, порнография, гиёҳванд моддалар ва ҳакерлик дастурларини тарқатишда иштирок этиш каби қатор айбловларни илгари сурган.

28 август куни Дуров 5 миллион евро миқдорида гаров пули тўлаш ва суд назорати остида қолиш шарти билан озод этилган. Унга Францияни тарк этиш тақиқланган ҳамда Дуров ҳафтасига икки маротаба полицияга келиб-кетиши керак.

Мавзуга оид