Ўзбекистон | 15:54 / 07.09.2024
1799
2 дақиқада ўқилади

Дунёда вабодан ўлим кўрсаткичи 71 фоизга ошди – ЖССТ

2024 йил бошидан буён дунёда 342 мингдан ортиқ беморда вабо аниқланган, улардан 2,4 минг нафари ҳаётдан кўз юмган. 22 мамлакатда касаллик авж олиши кузатилган.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

2023 йили дунё бўйича вабо инфекциядан ўлим кўрсаткичи 2022 йилга нисбатан 71 фоизга, касалланиш ҳолатлари эса 13 фоизга ошган. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг вабо эпидемияси бўйича эълон қилинган янги ҳисоботига таяниб Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди

“Ўтган йили вабодан 4000 киши вафот этди. Иқлим ўзгариши, баъзи минтақаларда ичимлик сув танқислиги, қашшоқлик, санитария шароитлари етишмаслиги, уруш ва ҳарбий тўқнашувлар хасталик кучайишига сабаб бўлди”, деган ЖССТ раҳбари Тедрос Гебрейесус.  

Ҳисоботга кўра, жорий йилда ҳам эпидемиологик вазият мураккаб. Хусусан, 2024 йил бошидан буён 342 мингдан ортиқ беморда ушбу инфекция аниқланган, улардан 2,4 минг нафари ҳаётдан кўз юмган. 22 мамлакатда касаллик авж олиши кузатилган.

Жумладан, июл-август ойлари оралиғида Суданда қарийб 2,7 минг кишига вабо ташхиси қўйилган. Улардан 120 нафарининг ҳаётини сақлаб қолиш имкони бўлмаган.

ЖССТнинг вабо бўйича техник раҳбари Филипп Барбоза фикрича, касаллик қурбонлари сони расмий статистикадан анча юқори. Аслида уни ҳар йили тахминан 2 млнга яқин киши юқтириб, 100 минг нафари ҳаётдан кўз юмаётган бўлиши мумкин.

Масъуллар эпидемиянинг янги тўлқинини жиловласа бўлади, деган хулосада. Бунинг учун касалликка қарши вакциналар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш зарур. Чунки ўтган йили қарийб 36 млн доза эмлаш воситалари ишлаб чиқарилган, бироқ бу мавжуд эҳтиёжнинг атиги 50 фоизини қоплайди, холос.

Қўшимча қилинишича, тоза ичимлик суви таъминоти, санитария ва гигиена қоидаларига амал қилиш вабо эпидемиясини тўхтатишнинг узоқ муддатга мўлжалланган ягона барқарор ечими бўлиб қолмоқда.  

Мавзуга оид