Жаҳон | 00:19 / 07.09.2024
5978
2 дақиқада ўқилади

Полша қишлоқларидаги уйларнинг биридан радиоактив моддалар топилди

Ушбу моддалар уйдаги кичик пластик идишлар ва банкаларда сақланган. Расмийларга кўра, яқин атрофдаги ҳудудларни эвакуация қилиш талаб этилмайди.

Фото: Shutterstock

Полша ҳукумати мамлакат ғарбидаги уйдан топилган 50 та контейнер ичидаги потенциал радиоактив моддалар бўйича тергов олиб бормоқда. Расмийларга кўра, яқин атрофдаги ҳудудларни эвакуация қилиш талаб этилмайди.

Кимёвий хатарларга қарши кураш бўлинмасининг ўт ўчирувчилари 6 сентябр куни тонгда Германия билан чегарадан тахминан 100 километр узоқликдаги Седлец қишлоғида жойлашган уйдан топилган моддаларни текшириш учун чақирилган.

«Тергов давом этмоқда. Бу хусусий мулкда, гаражли турар-жой биносида содир бўлди. Бизда 50 хил потенциал нурланиш манбалари ҳақида маълумот бор», — дейди ўт ўчирувчилар вакили Мартин Халаш.

Унинг қўшимча қилишича, гап радий ҳақида кетаётган бўлиши мумкин. «Ҳозирда бу фақат радийми ёки бошқа моддалар ҳам бор-йўқлиги аниқланмоқда», — дейди Халаш.

Маҳаллий полиция вакили Войцех Адамчикнинг айтишича, ушбу моддалар уйдаги кичик пластик идишлар ва банкаларда сақланган. Уларда «инсон ҳаёти ва соғлиғига зарар етказмайдиган миқдорда» радиоактивлик аломатлари аниқланган.

«Биз бу моддалар нима эканини ва уларга қонуний эгалик қилишга рухсат бор-йўқлигини аниқлашимиз керак», — дейди полициячи.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид