Курск областининг чегара ҳудуддаги шаҳарлари ва қишлоқлари аҳолиси нисбатан хавфсизроқ жойларга эвакуация бўлишни истамаяпти, улар жумладан ўз уйлари россиялик ҳарбий хизматчилар томонидан таланишидан ҳам хавфсирамоқда. Одамлар армияни обрўсизлантиришда айбланишдан қўрқиб, фронт ҳудудидаги талончиликлар ҳақида ўта эҳтиёткорлик билан шикоят қилишмоқда. BBC рус хизмати жабрланувчилардан бир нечаси билан гаплашган.

Москвалик Андрейнинг (исми хавфсизлик нуқтайи назаридан ўзгартирилган) қайнонаси Курск области Глушково районида яшаган, унинг ўлимидан кейин у ерда рафиқасининг акаси қолган. «Мен 18 август куни аллақачон „Ҳаймарс“ илма-тешик қилган кўприк орқали ўтдим. Ҳарбийлардан қайтиб кетиш учун қанча вақтим борлигини сўрадим. Улар менга ажабланиб қаради ва умуман кета олмаслигим мумкинлигини ҳам айтишди», — дея ҳикоя қилади у.

Украин армияси Суджани эгаллаб, авиация эса Сейм дарёсидан ўтган кўприкларни вайрон қилгач, Глушково райони амалда Россиянинг асосий ҳудудидан узилиб қолди. Ушбу ҳудуд Украина қуролли кучлари томонидан эгалланиши хавфи сақланиб турибди. Шунга қарамай, маҳаллий аҳоли нисбатан хавфсиз жойларга эвакуация бўлишга шошилмаяпти, дейди Андрей.

«Мен бутун посёлкани айланиб чиқдим. Одам жуда кўп. Итлар ҳурмоқда, оч товуқлар қоқолаб юрибди. Дўконларнинг ойналари синган. Ҳеч қандай эвакуация бўлмаган! Бу ердан биринчи навбатда бутун раҳбарият суриб қолган», — дея посёлкадаги вазиятни тасвирлайди у.

Расмийлар ўз уйларини тарк этганлар тўғрисида турлича маълумот беришган: вице-премьер Денис Мантуров Курск областининг хавфли ҳудудларидан 115 минг киши олиб чиқилганини айтган, губернатор вазифасини бажарувчи Алексей Смирнов эса президент Путин билан йиғилиш вақтида 133 минг киши эвакуация қилингани ҳақида маълумот берганди.

Маҳаллий аҳоли ўз хўжаликлари ва мулкларини ташлаб кетишни хоҳламайди, Андрейнинг рафиқасининг акаси ҳам барча нарсани талончиларга қолдирмаслик учун Глушковони тарк этишни режалаштирмаган. Ҳарбийлар нима учун талончиликка қарши курашмаётгани тўғрисидаги саволга Андрей шундай жавоб қайтаради: «Яхши савол. Айнан ҳарбийлар талончилик билан машғул эканидан хабарингиз йўқми?» Кейин аниқлик киритади: «Мен ҳеч қачон украин пропагандасини тарғиб қилмайман. Аммо ҳарбийлар талаган ўша дўконлар қайсилар эканини аниқ биламан».

23 август куни «Пепел. Курск» телеграм-каналида россиялик уч нафар ҳарбий хизматчи Глушково райони Званное қишлоғида Wildberries омборхонасини тунаётгани акс этган видеоёзув тарқалди. Ундан бир неча кун олдинроқ эса Чеченистон Республикасидан бўлган икки ҳарбий Глушковонинг ўзида «Мегафон» уяли телефонлар дўконига ўғриликка тушганди.