Жаҳон | 18:15 / 08.09.2024
2912
2 дақиқада ўқилади

Венесуэла президентининг сайловдаги рақиби Эдмундо Гонсалес мамлакатни тарк этди

Венесуэла суди прокуратура талабига кўра Эдмундо Гонсалесни ҳибсга олишга ордер берганидан кейин у Испаниядан сиёсий бошпана сўради.

Фото: Reuters

Президентлик сайловида Николас Мадуро билан рақобатлашган Венесуэла мухолифати етакчиси Эдмундо Гонсалес мамлакатни тарк этиб, Испанияга учиб кетди. Бу ҳақда Венесуэла вице-президенти Делси Родригес ва Испания ташқи ишлар вазири Хосе Мануэл Албарес маълум қилди.

Албарес сўзларига кўра, Гонсалес Испания ҳарбий-ҳаво кучлари самолётидан фойдаланган. Унинг қўшимча қилишича, мамлакат ҳукумати «барча венесуэлаликларнинг сиёсий ҳуқуқлари ва шахсий дахлсизлиги тарафдори».

Делси Родригеснинг айтишича, Гонсалес Испаниянинг Каракасдаги элчихонасида бир неча кун бўлганидан сўнг, Испания ҳукуматидан сиёсий бошпана сўраган. Унинг қўшимча қилишича, Венесуэла Гонсалесни мамлакатдан чиқиб кетишига ва хавфсизлигини таъминлашга рози бўлган.

2024 йил июл ойида Венесуэлада президентлик сайлови бўлиб ўтди, унда 74 ёшли собиқ дипломат Эдмундо Гонсалес Уррутиа мухолифат номзоди бўлди. Венесуэла Миллий сайлов кенгаши, сайлов участкалари ёпилгач, Николас Мадуронинг 51 фоиз овоз билан ғалаба қозонганини эълон қилди. Мухолифат мустақил сўров маълумотларига таяниб, сайловчиларнинг аксарияти Гонсалесни қўллаб-қувватлаганини таъкидлади.

Бир неча кундан кейин АҚШ Давлат департаменти Эдмундо Гонсалесни Венесуэладаги президентлик сайловида ғолиб деб тан олди. Давлат департаментининг таъкидлашича, Николас Мадуро томонидан назорат қилинадиган Миллий сайлов кенгаши томонидан овозларни қайта ишлаш ва натижаларни эълон қилиш «жиддий қонунбузарликларга учраган, Венесуэла халқининг иродасини акс эттирмаган натижаларга олиб келган».

3 сентябр куни Венесуэла суди прокуратура талабига кўра Эдмундо Гонсалесни ҳибсга олишга ордер бергани маълум бўлди. У ҳокимиятни «узурпация қилиш», ҳужжатларни қалбакилаштириш, қонунга бўйсунмасликка ундаш ва тизимли саботажда айбланган эди.

Мавзуга оид