Kun.uz'га Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг турли босқичдаги бир гуруҳ талабалари мажбурий форма қилинаётганидан эътироз билдириб, мурожаат қилишди.

Таъкидланишича, талабаларга махсус кийим тикилаётгани, уни ҳамма сотиб олиши шартлиги, олмаганлар дарсдан четлаштирилиши айтилган.

Талабалар ёппасига мажбурий форма сотиб олишга ва кийишга мажбурланмоқда. Форма сифатсиз матодан тайёрланган. Унинг нархи нимча ва юбка билан 250 минг сўм.

Форма киймаганларни 16 сентябрдан дарсга қўймаслик ва “НБ” қўйиш билан қўрқитишмоқда. Классик кийим ва форма ўтмаслигини, мажбурий форма олиниши шартлигини уқтиришди. Талабаларнинг 95 фоизи айнан классик формада, бу ҳолатдан умуман норози. Илтимос, талабаларга ёрдам беринг”, – дейди шахси очиқланишини истамаган талаба.

Мурожаат қилганларнинг яна бири эса бундай ҳаракатлар билан талабалар мактаб ўқувчисидек кўрилаётганини, вояга етган шахслар билан бундай муносабатда бўлишни тўғри деб ҳисобламаслигини билдирди.

Университет барибир шу “смурфча форма”ни қилди. Ўт тушсин шу формасига, тушунмайман, бизни мактаб ўқувчиси сифатида кўряптими?! 20 ёшли ҳам, 40 ёшли одам ҳам бир хил формада юрадими энди? “НБ”си, давомати, формаси жонимга тегиб кетди. Энди бир хил формаси билан умуман асабга тегяпти. Сочингни йиғ, ундай қил, бундай қил... Ҳатто мактабда ҳам бундай ўқимаган эдим”, – дейди у.

Мурожаатчиларга кўра, ягона мажбурий форма аввалига 180 минг, кейин 230 минг сўмга баҳоланган. Ҳозирга келиб эса 250 минг сўмдан сотилаётгани айтилмоқда.

Бизга бошида ректордан тортиб, талабагача, ҳамма бир хил форма кияди дейишди. Ҳозир ўқитувчи, деканат, ректоратимиз ўзининг доимий формасини кийиб, фақат университет номи туширилган нишон (значок)ни тақиб юришибди холос. Лекин буларнинг ҳаммаси талабадан форма талаб қиляпти. Бу формага дазмол урса, ялтиллаб қолади. Матоси жуда ҳам нозик”, – дейди талабалардан бири.

Маъмурият: “Янги форма – кадрларнинг маънан, жисмонан, ақлан етук бўлиши учун”

13 сентябр куни Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ўзининг расмий каналида форма билан боғлиқ эътирозларга муносабат билдириб, унга видео жойлаган.